Эл-юртнинг умидига айланинг
Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Жумладан, Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида вилоятдаги умумтаълим мактабларининг иқтидорли ўқувчилари, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган фаол талабалар иштирокида ташкил этилган учрашувда “Эл-юрт умиди” жамғармаси масъуллари, мазкур жамғарма стипендианти бўлиб, юқори натижаларга эришган ёшлар иштирок этди.
– 2018 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган жамғармамиз давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 5 майдаги фармони билан қайта ташкил этилди, – деди “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори Гулноза Исмоилова. – Жамғармамизнинг асосий мақсади дунёнинг нуфузли университетлари ва илмий марказларида таълим олган янги авлод етакчилари ва мутахассислар жамоасини шакллантиришдан иборат. Улар Ватанга қайтиб келиб, илғор билимларни жорий этиш, давлат институтларини мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш, таълим, иқтисодиёт, рақамлаштириш, маданият ва бошқа муҳим соҳаларни янги босқичга кўтариш орқали Янги Ўзбекистонни ривожлантиришга ҳисса қўшади. 2018-2025 йилларда жамғарма томонидан 2300 нафарга яқин стипендиат 45 мамлакатга таълим олишга юборилди. Бугунги кунда 1400 нафардан ортиқ битирувчи юртимизга қайтиб келиб, иқтисодиёт, таълим, фан, тиббиёт ва давлат бошқаруви соҳаларида фаолият юритмоқда. Ҳар йили икки марта эълон қилинадиган танловларимиз орқали 700 нафардан ортиқ иқтидорли ёшлар сараланиб, дунёнинг нуфузли ТОП-300 талик рейтингига кирувчи университетларда таҳсил олади. Ўтган йилги стипендиантларимизнинг 80 фоизи ТОП-100 талик университетларга ўқишга қабул қилинди. Улар сафида қизларнинг улуши ҳам сезилари даражада ошмоқда. Авваллари стипендиантларнинг 8 фоизини хотин-қизлар ташкил этган бўлса, бугунги кунда 30 фоизга етди. Стипендиат бўлиш учун ҳар бир истеъдодли ёшнинг аниқ мақсади, давлатимиз тараққиётига хизмат қиладиган лойиҳаси бўлиши лозим. Улар хориждаги нуфузли университетларда бакалавриат, магистратура ёки докторантурада таҳсил олиб ёки мақсадли стажировка дастурларида қатнашиб келиб, ўз билим ва салоҳияти билан давлатимиз тараққиётига ҳисса қўшади. Шуни унутмаслик керакки, “Эл-юрт умиди” жамғармаси иқтидорли ёшлар учун Президент ишончи, давлат яратиб берган имтиёздир.
[gallery-31777]
Учрашувда жамғарма стипендия танловларида қатнашиш тартиблари, мақсадли стажировка ва бошқа масалалар юзасидан ёшларга батафсил тушунча берилди, уларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди. Шунингдек, “Эл-юрт умиди” орқали хорижда таҳсил олган стипендиантлар ўз ҳаётларида жамғарманинг ўрни ва бугунги фаолиятлари ҳақида гапириб берди.
– Мен Самарқанд давлат чет тиллар институтини битириб, 2017 йилда Кореянинг Сежонг университети магистратурасига ўқишга қабул қилинганман, – дейди Санжар Жуманазаров. – 2020 йилда Ўзбекистонга қайтиб, “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетида фаолият юритдим. 2023 йилда 4 та халқаро университет грантини ютдим ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендианти бўлдим. Жамғарма яратиб берган имконият туфайли дунёга машҳур Оксфорд университетида ўқиб, туризм, маданий мерос бўйича илмий тадқиқот ишлар олиб бордим. Мақсадим юртимизда мавжуд маданий мерос объектларини асраб-авайлаш ва улардан туризмни янада ривожлантиришда самарали фойдаланиш. Бугунги кунда Самарқанддаги Бутунжаҳон туризм ташкилотининг халқаро туризм академиясида фаолиятимни давом эттиряпман. Мен ўз ҳаётим мисолида айтишим мумкинки, “Эл-юрт умиди” жамғармаси истеъдодли ёшлар учун Президентимизнинг юксак эътибори, ишончи рамзидир.
Шу каби учрашувлар Самарқанд давлат техника университетида, Жомбой туманида ҳам ўтказилди.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари