Экспорт салоҳиятини ошириш чоралари белгиланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Давлатобод тумани ҳокими Анвар Тожимирзаев туманда экспорт салоҳияти пасайган корхоналар фаолиятини ўрганиб, ишлаб чиқариш жараёнлари, мавжуд муаммолар ва истиқболли режалар билан танишди.
Дастлаб “ZAFAR PLAST” МЧЖ фаолияти кўздан кечирилди. Пластмасса труба-қувур маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона 0,40 гектар майдонда жойлашган бўлиб, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 112,7 тонна, пул ифодасида 3,5 миллиард сўмни ташкил этади.
Корхона раҳбари билан мулоқотда маҳсулотларни сотиш, янги харидорлар топиш ва бозор кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Тадбиркор бу борада амалий кўмакка эҳтиёж борлигини билдирди.
Ўрганишлар давомида рўмол ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхона фаолияти ҳам кўздан кечирилди. Бу ерда кунига 50 та, йилига 18 минг дона рўмол ишлаб чиқарилиб, маҳсулотнинг 5 хил тури тайёрланмоқда. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллиард сўмни ташкил этади. Корхонада 10 та янги иш ўрни яратилган.
Туман ҳокими ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулот турларини ошириш, янги харидорлар жалб этиш ҳамда экспорт географиясини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Масъулларга маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга олиб чиқиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
[gallery-31260]
Бундай амалий ўрганишлар корхоналар фаолиятини жонлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА