“Янги Ўзбекистон” массивида кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги кенг нишонланаётган шу қутлуғ кунларда Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида аҳоли учун муносиб ва замонавий яшаш шароитларини яратишга қаратилган бунёдкорлик ишлари изчил давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 30 апрелдаги “2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида “Элликқалъа” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 10 гектар ер майдонида “Янги Ўзбекистон” массиви ташкил этилган эди.
Бош режага мувофиқ, массивда жами 1 минг 60 та хонадондан иборат 5 ва 7 қаватли 28 та уй-жой, шунингдек, мактаб, мактабгача таълим ташкилоти ва замонавий истироҳат боғи барпо этилиши режалаштирилган бўлиб, 2024–2025 йилларда 4 та 5 қаватли, 120 хонадонли уй-жой қурилди ва фойдаланишга топширилди.
Бугунги кунга келиб, бунёдкорлик ишларининг навбатдаги натижаси сифатида яна жами 50 хонадонли 2 та кўп қаватли турар жой фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбир иштирокчилари янги уй-жойларда яратилган шароитлар билан танишдилар. Айни пайтда массивда яна 5 ва 7 қаватли, 334 хонадондан иборат 10 та уй-жойда, шунингдек, 660 ўринли замонавий умумтаълим мактабида қурилиш ишлари давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири