Камбағалликни қисқартириш — масъулиятли вазифа
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда ҳудудларда натижадорликни янада ошириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Бугун камбағалликни қисқартириш масаласига фақат рақамлар ёки статистик кўрсаткичлар орқали баҳо бериш етарли эмас. Ҳар бир рақам ортида муайян бир оила, ота-она, фарзанд, унинг орзу-интилишлари ва келажаги турибди. Шу боис мазкур йўналишдаги ҳар қандай ислоҳотнинг энг муҳим мезони инсоннинг ҳаёти яхшиланаётгани, оиланинг даромади ортаётгани ва унинг эртанги кунга бўлган ишончи мустаҳкамланаётганидир.
Бугунги натижалар, албатта, эътирофга лойиқ. Йил бошидан буён эҳтиёжманд аҳоли сонининг 2,2 миллион нафардан 1,5 миллион нафаргача қисқаргани, 49 та туман ва 3 минг 429 та маҳаллада ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудлар шаклланаётгани амалга оширилаётган ишларнинг самарасини кўрсатади.
Бироқ шу билан бирга, таъкидланганидек, айрим ҳудудларда мавжуд имкониятлардан етарли даражада фойдаланилмаётгани ҳам жиддий хулоса чиқаришни талаб этади. Бир хил ваколат, ресурс ва имкониятларга эга ҳудудларда натижаларнинг кескин фарқ қилиши камбағалликни қисқартиришда фақат маблағ ажратишнинг ўзи етарли эмаслигини кўрсатмоқда. Энг аввало, манзилли ёндашув, масъулият, ташаббускорлик ва натижага йўналтирилган бошқарув зарур.
“Адолат” социал-демократик партияси камбағалликни қисқартиришни ижтимоий тенглик ва муносиб ҳаёт учун имконият яратишнинг муҳим шарти сифатида баҳолайди. Айниқса, меҳнат қилиш имконияти чекланган эҳтиёжманд оилаларга пассив даромад манбаини яратишга қаратилган ижтимоий пакетлар жорий этилаётгани эътиборга молик. Бу ёндашув инсонни фақат ёрдам олувчи сифатида эмас, балки барқарор даромадга эга бўлиши керак бўлган жамият аъзоси сифатида кўришга хизмат қилади.
Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандлари учун келгуси йилдан бошлаб боғча, таълим марказлари, транспорт ва олий таълим муассасаларидаги талабалар турар жойи харажатларини ваучер асосида қоплаш тизимининг жорий этилиши ҳам ижтимоий адолат тамойилларини амалий жиҳатдан мустаҳкамлашга хизмат қилади. Энг муҳими, бу имконият оиланинг ижтимоий реестрдан чиқарилганидан кейин ҳам маълум муддат давом этиши назарда тутилаётгани ёрдамни вақтинчалик эмас, барқарор имкониятга айлантиришга қаратилганини кўрсатади. Шунингдек, ишлаётган оналарга фарзанди бир ёшга тўлгунига қадар ижтимоий суғурта жамғармаси орқали нафақа тўланиши каби механизмлар оилани қўллаб-қувватлаш, аёлларнинг меҳнат фаолиятини рағбатлантириш ва болалар манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, камбағалликни қисқартиришнинг ҳақиқий натижаси — қанча маблағ сарфлангани билан эмас, қанча оила барқарор даромад манбаига эга бўлгани, қанча инсон доимий иш билан таъминлангани ва қанча фарзанднинг таълим олиш имконияти кенгайгани билан ўлчаниши керак. Шу маънода, белгиланган янги вазифалар барча даражадаги раҳбарлардан янгича фикрлашни, маҳалла ва хонадон муаммоларини чуқур ўрганишни ҳамда ҳар бир ажратилган ресурс учун аниқ натижа кўрсатишни талаб этади.
“Адолат” СДП учун инсон қадри, ижтимоий адолат ва тенг имкониятлар доимо устувор қадрият бўлиб қолади. Биз камбағалликни қисқартириш борасидаги ҳар бир самарали ташаббусни қўллаб-қувватлаган ҳолда, жойларда белгиланган вазифаларнинг амалда қандай бажарилаётганини, фуқароларнинг ҳаётида қандай ўзгаришлар юз бераётганини жамоатчилик ва депутатлик назорати орқали кузатиб боришни муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз.
Нурлибай Қайпбергенов,
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси
ЎзА