Экологияга оид долзарб масалалар - ёшлар нигоҳида
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, "Замин" Халқаро жамоат фонди ва ЮНИCEФ Ёш экология чемпионлари миллий ҳамжамияти иккинчи гуруҳининг ажойиб ютуқларини эътироф этди. Бу платформа икки йилдан бери ўсмирларга Ўзбекистонда иқлим кун тартибини фаол илгари суришда ёрдам бериб келмоқда.
Тантанали тадбирда мамлакатнинг барча вилоятларидаги 15–18 ёшдаги 52 нафар ўқувчи, уларнинг 13 нафар мураббийлари ва 14 нафар ўқитувчилари иштирок этди. Уларнинг ютуқлари ёшларнинг атроф-муҳитга бўлган муносабатларини қандай ўзгартираётганини, ғамхўрлик ва масъулият маданиятини ривожлантираётганини ҳамда Ўзбекистон, Марказий Осиё ва бутун дунё учун янада яшил келажакка умид уйғотаётганини кўрсатади.
Мазкур ҳамжамият барқарор ривожланиш маданиятини тарғиб қилиш ва болалар ҳамда ёшларни иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича миллий ва минтақавий стратегиялар тасдиқлангач, 2024 йил август ойида ташкил этилди. Шундан бери у динамик миллий ҳаракатга айланиб, ёшларнинг нафақат иштирокчилар, балки Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича ҳаракатларини шакллантиришда етакчилар эканини исботлади.

2025–2026 ўқув йилида мамлакат бўйлаб 14 та мактабдан 52 нафар ўсмир экомактаблар ўртасидаги очиқ танлов орқали сараланиб, ҳамжамиятга қўшилди. Етакчилик, тарғибот ва иқлим ўзгариши масалалари бўйича тайёрловдан сўнг ёш етакчилар хабардорликни ошириш кампаниялари ва экологик тадбирларни ташкил этди. Бунда уларни биринчи гуруҳнинг 13 нафар ментори қўллаб-қувватлаб турди. Улар халқаро тадбирларда, жумладан Остона шаҳридаги Минтақавий экологик саммитда, Истанбулдаги Халқаро ёшлар форумида ва Самарқанддаги ECO-EXPO кўргазмасида Ўзбекистон вакиллари сифатида иштирок этди.
Уларнинг фаолияти бутун мамлакатни қамраб олди. Экофестивалларга 400 дан ортиқ мактаблардан 3 минг нафардан зиёд ўқувчи ва 500 нафар ўқитувчини жалб қилинди. Қорақалпоғистонда чемпионлар Экология ва иқлим ўзгариши бўйича миллий қўмита билан ҳамкорликда “Климатон” - иқлим ўзгариш муаммоларига ечим топиш ва экологик лойиҳаларни ишлаб чиқишга оид глобал миқёсдаги марафонни ташкил этди. У турли туманлардаги ёшларни бирлаштирди ва иқлим ўзгаришининг таъсирларини камайтириш ҳамда унга мослашиш бўйича инновацион ғоялар манбаига айланди.

Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси билан ҳамкорликда ёш экология чемпионлари "Тоза ўйинлар"ни ташкил этди ва тарихда биринчи марта мамлакатнинг барча ҳудудларида бир вақтда ўн тўртта тадбир ўтказди. Бухоро ва Навоийдан бўлган икки чемпион миллий "Яшил инновациялар" танловида ғолиб бўлиб, чиқиндиларни саралаш ва дарахтларни парвариш қилиш лойиҳалари учун бошланғич маблағни олди.
Ўтган йил давомида 52 нафар эко-чемпионлар мамлакат бўйлаб жами 17 минг 831 нафар бола ва ёшларни сафарбар қилиб, уларга тренинг ўтказди, 1 минг 909 дона дарахт экди ва қайта ишлаш учун 18 тоннадан ортиқ чиқинди тўплади. Ушбу ютуқлар ёшларнинг атроф-муҳитга бўлган муносабатлари қандай ўзгартираётганини, ғамхўрлик ва масъулият маданиятини ривожлантираётганини ҳамда Ўзбекистон, Марказий Осиё ва бутун сайёрада янада яшил келажакка умид уйғотаётганини кўрсатади.

Июль ойида ҳамкорлар Ўзбекистоннинг барча вилоятларидаги экологик мактаблардан Ёш эко-чемпионларнинг учинчи гуриҳини шакллантириш учун танловни эълон қилади. Ушбу саъй-ҳаракатлар ёшлар бошчилигидаги ташаббусни давом эттириш, кенгайтириш ва миллий иқлим кун тартибини янада шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятли.
Н.Усмонова, ЎзА