Ўзбекистон-Саудия Арабистони-Франция ўртасида хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “Ноль чиқинди” тамойили асосида “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантиришга қаратилган қатор халқаро учрашувлар ташкил этилди.
Хусусан, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги вакиллари бир қатор йирик халқаро ташкилотлар ҳамда компаниялар мутасаддилари билан учрашувлар ўтказиб, чиқиндиларни бошқариш соҳасида Марказий Осиё ва хорижий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Мазкур учрашувлар натижасида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов ҳамда Саудия Арабистонининг “VISION INTERNATIONAL INVESTMENT COMPANY” президенти Омар Алмидани ва Франциянинг “SUEZ INTERNATIONAL” компанияси Европа ва Марказий Осиё бўйича бош директори Сильвер Делонэ ўртасида келишув (Head of Terms) имзоланди.
Ушбу лойиҳа хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишни назарда тутади. Лойиҳанинг умумий қиймати 78 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА