Ҳақиқий маҳорат майдонига айланди
Қорақалпоғистон Республикасида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг жисмоний ва маънавий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган муҳим тадбирлардан бири – “Иттифоқ кубоги” учун ҳарбий-спорт мусобақаси ташкил этилди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида Нукус шаҳридаги олий таълим муассасаларининг “Қалқон” жамоалари ўртасида ўтказилган ушбу мусобақа ёшларнинг ҳарбий тайёргарлиги, жисмоний чиниққанлиги ва жамоавий бирдамлигини намоён этувчи ҳақиқий маҳорат майдонига айланди.
Мусобақада турли олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба-ёшлар ўзларининг куч-ғайрати, чаққонлиги ва матонатини синовдан ўтказдилар. Иштирокчилар ҳарбий эстафета, турникда тортилиш, 24 килограммли тош кўтариш, АК-74 автоматини тўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш ҳамда арқон тортиш каби ҳарбий-амалий ва спорт йўналишларидаги шиддатли баҳсларда беллашдилар.
Мусобақа давомида ёшлар нафақат жисмоний тайёргарлик, балки тезкор фикрлаш, интизом, масъулият ва жамоа билан ишлаш кўникмаларини ҳам намойиш этдилар. Айниқса, ҳарбий эстафета ва қуролни қисмларга ажратиб-йиғиш шартларида қатнашчиларнинг пухта тайёргарлиги, Ватан ҳимоясига бўлган юксак масъулият ҳисси яққол кўзга ташланди.
Қизғин ва муросасиз курашларга бой тарзда ўтган мусобақа якунида энг кучли ва энг муносиб жамоалар аниқланди. Ғолиб ва совриндорлар ҳомий ташкилотлар томонидан қимматбаҳо совғалар, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Мусобақанинг мутлақ ғолиби сифатида Қорақалпоқ давлат университетининг “Қалқон” жамоаси эътироф этилди. Талабалар барча шартлар бўйича юқори натижаларни қайд этиб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритдилар ҳамда “Иттифоқ кубоги” соҳибига айланишди. Ушбу муваффақият уларга Ўзбекистон Республикаси босқичида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи йўлланмани ҳам тақдим этди.
“Иттифоқ кубоги” учун ўтказилган ушбу ҳарбий-спорт мусобақаси юртимиз ёшлари ҳар қандай синовга тайёр, уларда ғалабага бўлган ишонч, Ватанга садоқат ва юксак мақсадлар сари интилиш руҳи мустаҳкамлигини намоён этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари