Эко Шри Маргианти сайловда ёшларнинг фаол иштирокини юқори баҳолади
Сайлов тугаса-да, хорижлик меҳмонларнинг ўз ватанларига унчалик ҳам ошиқмаяпти. Бунинг сабаби бор, албатта. Нуфузли тузилма ва ташкилотлар янги-янги ҳамкорлик режалар, истиқболдаги амалий ишларни белгиламоқдалар.
Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Ўзбекистонга Президентлик сайловига халқаро кузатувчи сифатида ташриф буюрган Индонезиянинг Гунадарма университети ректори, Индонезияда Ўзбекистон туризми бренди элчиси, “Индонезия-Ўзбекистон” дўстлик жамияти раиси Эко Шри Маргианти билан учрашув ўтказилди.

Учрашув аввалида қўмита раиси Рустамбек Қурбонов бугунги кунда Ўзбекистоннинг миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган ишлари, қўмита фаолияти юзасидан батафсил маълумот берди.
Эко Шри Маргианти Ўзбекистонни Марказий Осиёда энг барқарор ривожланаётган, улкан иқтисодий-ижтимоий салоҳиятга эга ҳамкор давлат сифатида кўришини, кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасида турли соҳалар, жумладан, маданият, санъат йўналишидаги ҳамкорлик алоқалари янада ривожланаётганини, бунда икки мамлакат халқлари ўртасидаги халқ дипломатиясига асосланган алоқалар муҳим аҳамият касб этишини айтиб ўтди.

Меҳмон жамиятнинг мақсад ва вазифалари, фаолияти ҳамда ўтказилаётган тадбирлар ва лойиҳалар ҳақида маълумот берди. Хусусан, жамият ва қўмита ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатилган бўлиб, 2018 йилда Ўзбекистонга ташрифи давомида қўмита билан учрашув ташкил этилгани, яқин келажакда эса қўмита билан ҳамкорликда давра суҳбатлари, анжуманлар ва делегация алмашинувларини ташкиллаштириш таклифини билдирди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Индонезиядаги элчихонаси ҳам Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётганлиги эътироф этилди.
Суҳбат давомида Эко Шри Маргианти Ўзбекистонда жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтган Президентлик сайлови ҳақида ҳам тўхталиб, сайлов жараёнлари тўғри ташкил этилани, унда айниқса ёшларнинг фаол иштирокини кўриб қувонганлигини, халқаро кузатувчилар учун ҳам барча шароитлар яратилганлигини айтиб, ўз миннатдорлигини билдирди.
Учрашув сўнггида қўмита раиси Рустамбек Қурбонов Эко Шри Маргиантини “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирлаб, кейинги йилда “30 июль – халқлар дўстлиги куни” муносабати билан ташкил этиладиган “дўстлик ҳафталиги”га таклиф этди.
Эко Шри Маргианти Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, туризмни ривожланишига ва чет эллик сайёхларни оқимининг ошишига олиб келганини таъкидлаб, келгусида икки давлат ўртасида маданий ҳамкорликни кенгайтириш йўлида ўз ҳиссасини қўшишини айтиб, мукофот учун миннатдорлик билдирди.
Н.Усмонова,
ЎзА