Депутат экологик ҳолат ва маҳаллий Кенгашлар фаолиятини ўрганди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП аъзоси Б.Алдамуратов Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманида бўлиб, ҳудуддаги маҳаллий Кенгашлар фаолияти, аҳоли муаммоларини ҳал этиш борасидаги ишлар ҳамда экологик ҳолат билан танишди.
Дастлаб, депутат халқ депутатлари Кегейли тумани Кенгаши котибиятида ишларнинг ташкил этилиши, маҳаллий Кенгаш депутатларининг фаолияти, қабул қилинган қарорлар ижроси ва депутатлик назорати йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Учрашув давомида маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш, депутатлик назоратини кучайтириш ва қабул қилинаётган қарорлар ижросини таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Тумандаги “Оқтуба” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган чиқинди полигонининг ташқи ва ички ҳолатини ўрганилди. Ўрганиш жараёнида маиший чиқиндиларни сақлаш ва бошқариш ҳолати, полигоннинг санитария талабларига мувофиқлиги кўздан кечирилди. Шунингдек, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини йўлга қўйиш, бу борада амалий чора-тадбирларни кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Шундан сўнг “Тоза ҳудуд” давлат корхонаси томонидан ҳудудларни санитария жиҳатидан тоза сақлаш, маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Мазкур йўналишдаги ишларнинг ташкил этилиши, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилиниб, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш ҳамда ҳудудларда тозаликни таъминлаш бўйича масъул ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Депутат “Янги Ўзбекистон” массивида ҳам бўлиб, маиший чиқиндиларни ташлаш учун ажратилган махсус жойларнинг ҳолатини ўрганди. Хусусан, чиқинди ташлаш майдончаларининг санитария ҳолати, чиқиндиларнинг ўз вақтида йиғилиши ва олиб кетилиши, махсус идишлар билан таъминланганлик даражаси ҳамда ҳудуд тозалигини сақлаш борасидаги ишлар кўздан кечирилди.
Депутат “Оқтуба” овул фуқаролар йиғинида аҳоли билан ишлаш, мурожаатларни қабул қилиш ва уларнинг ечимини топиш, шунингдек, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш борасида олиб борилаётган ишлар билан ҳам танишди. Фуқаролар йиғини раиси ва ходимлари билан мулоқотда маҳаллада мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, ҳудуддаги болалар майдончаси ҳолати ҳам кўздан кечирилди. Унда болалар учун яратилган шароитлар, ўйин қурилмаларининг техник хавфсизлиги ва созлиги, ҳудуднинг озодалиги ҳамда болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун мавжуд имкониятларга эътибор қаратилди. Майдонча ҳолатини яхшилаш, уни зарур ўйин қурилмалари билан таъминлаш ва болалар учун янада хавфсиз ҳамда қулай муҳит яратиш бўйича таклифлар билдирилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири