“EKO PARK” – барқарор тараққиёт ва замонавий туризм сари муҳим қадам
Бугунги кунда мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш, хусусий сектор фаоллигини қўллаб-қувватлаш, туризм салоҳиятини ошириш ва замонавий инфратузилмани шакллантириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “ZARAFSHAN GOLDEN GROUP” томонидан халқаро ҳамкорлар иштирокида барпо этилаётган “EKO PARK” экотуризм мажмуаси ҳам ана шундай истиқболли лойиҳалардан биридир. Ушбу лойиҳа мамлакатимизда инвестицияларни жалб қилиш, илғор технологияларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар натижасидир.
– Лойиҳа Хитойнинг Guangdong Diloni Cultural Tourism Industry Development Co., Ltd., Туркиянинг Optima Greenhouse Systems LLC компанияси ҳамда туркиялик малакали мутахассислар иштирокида амалга оширилмоқда, – дейди компания таъсисчиси Улуғбек Файзиев. – Бу эса юртимизда хорижий сармоя учун яратилган қулай муҳит ва очиқ инвестиция сиёсати ўз самарасини бераётганини кўрсатади. Ҳозирги кунда қурилиш ишлари белгиланган режа асосида босқичма-босқич давом этмоқда. Лойиҳа доирасида экологик тоза дам олиш ҳудудлари, замонавий автоматлаштирилган болалар ўйингоҳлари, маданий ва кўнгилочар масканлар, оилавий ҳордиқ чиқариш инфратузилмаси ҳамда туристик хизматлар тизими яратилмоқда.

Айниқса, мазкур мажмуа таркибида барпо этилаётган замонавий “Эко боғ” лойиҳаси ўзининг ноёб концепцияси билан ажралиб туради. Бир вақтнинг ўзида 500 нафар меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга бўлган ушбу масканда банан, ананас, апельсин ва мандарин каби тропик ўсимликлар етиштирилиши режалаштирилган. Шунингдек, замонавий брендларнинг тезкор овқатланиш масканлари, кинотеатр, болалар майдончалари ва турли кўнгилочар ҳудудлар ташкил этилади.
Яқинда вилоят ҳокими Нормат Турсунов ушбу ҳудудда бўлиб, лойиҳа жараёнлари билан танишди.

Учрашувда таъкидланганидек, бундай йирик лойиҳалар мамлакатимизда хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш, ёшлар бандлигини таъминлаш, ички ва ташқи туризмни ривожлантириш ҳамда ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади. Энг муҳими, экологик маданиятни юксалтириш ва аҳоли учун яшил ҳудудларни кўпайтиришга муносиб ҳисса қўшади.
Қурилиш жараёнида сифат, самарадорлик ва муддат масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пудратчи ташкилотлар ва маҳсулот етказиб берувчи компаниялар билан мунтазам муҳокамалар ўтказилиб, барча ишлар замонавий талаблар асосида ташкил этилмоқда.
Албатта, бу лойиҳа аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳудуднинг туристик салоҳиятини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш ва экологик барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири