Сангардакда йирик туризм мажмуаси очилди
Истиқлол иншоотлари
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи арафасида Сурхондарё вилоятидаги "Сангардак” туризм маркази биринчи босқичи фойдаланишга топширилди.
Тоғли Сариосиё туманида бетакрор шаршараси билан дунёга танилган сўлим қишлоқда барпо этилаётган “Сангардак” туризм марказининг лойиҳа қиймати 76 миллион долларни ташкил этади.

Табиатнинг гўзал манзараларига бой ҳудудда йирик миқдордаги маблағни тўлиқ ўзлаштириш учун 152 та лойиҳа амалга оширилади.

Президентимизнинг 2024 йил 16 декабрдаги “Сурхондарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида туризм инфратузилмасини яхшилаш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм объектларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бунёд этилаётган марказда ҳозиргача меҳмон ва шале уйлари, бунгалов, ресторан, айвонлар, зиплайн, арғимчоқ ҳамда бошқа хизмат кўрсатадиган 37 лойиҳада ишлар якунланди.

Австриянинг “Doppelmayr Seilbahnen GmbH” компанияси тоғлар қўйнида йилига 800 минг сайёҳга хизмат кўрсатиш қувватига эга 1 минг 535 метр узунликда замонавий дор йўли барпо этди.

Мажмуа ҳудудида маҳаллий ва хорижлик сайёҳларга қулай шароитлар яратиш учун 14 километр ичимлик суви, 4,2 километр оқова сув ва 3,2 километр электр тармоғи тортилди. Учта сув резервуари, 8 та трансформатор пункти қурилди. Тўрт километр йўлга асфальт ётқизилиб, равон ва кенг йўл инфратузилмаси яратилди.

Туризм маркази тўлиқ ишга тушгач, 500 та янги иш ўрни яратилиб, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқими 7 бараварга, яъни йилига 2,4 миллион нафарга ошади. Бюджетга қўшимча 15 миллиард сўм қўшимча маблағ тушади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири
0