Навоийда “Туризм қишлоғи” яна биттага кўпайди
Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Нурота туманидаги Кичиксой қишлоғига “Туризм қишлоғи” мақоми берилиши муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.
Унда вилоят ва туман мутасаддилари, маҳалла фаоллари, қишлоқ аҳолиси, туризм соҳаси вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, Навоий вилояти Нурота туманидаги Кичиксой қишлоғида туризм соҳасини ривожлантириш, маҳаллий аҳолининг бандлигини таъминлаш ҳамда қишлоқнинг мавжуд сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда Кичиксойда 20 та оилавий меҳмон уйи фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, сайёҳларга хизмат кўрсатишнинг 15 турдаги қўшимча йўналиши ташкил этилган. Натижада қишлоқдаги 150 нафарга яқин ишсиз аҳоли, хусусан, хотин-қизларнинг доимий бандлиги таъминланди.
– Кичиксойга ташриф буюрувчи сайёҳлар учун гидлик ва экскурсия хизматлари, фольклор жамоалари чиқишлари, миллий куй-қўшиқ ва лапарлар ижроси, ҳунармандчилик, уй музейлари ҳамда гастро-уйлар фаолияти ташкил этилган, – дейди вилоят туризм бошқармаси бош мутахассиси Ҳилола Худойбердиева. – Меҳмонлар маҳаллий аҳолининг кундалик турмуши ва миллий анъаналари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлмоқда. Қишлоқда сайёҳлар учун от ва эшакларда сайр қилиш, нон ёпиш бўйича маҳорат дарсларида қатнашиш, гилам тўқиш ва қуроқчилик каби миллий ҳунармандчилик жараёнларини кузатиш ва ўрганиш имкониятлари ҳам яратилган. Шунингдек, агротуризм йўналишида сигир ва эчки соғиш каби анъанавий қишлоқ хўжалиги юмушлари сайёҳлар учун қизиқарли тажриба сифатида йўлга қўйилган.
Маҳаллий аҳолининг меҳнати билан тайёрланадиган эчки сутидан қурт ва бошқа сут маҳсулотларини сотиш ҳам туризм хизматларининг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. Бундан ташқари, сайёҳлар учун бассейн хизмати ҳам ташкил этилиб, қишлоқда ҳордиқ чиқариш учун қўшимча шароитлар яратилган.

Кичиксойда туризмни ривожлантиришнинг муҳим жиҳатларидан бири сайёҳларга нафақат тунаш ва овқатланиш, балки маҳаллий ҳаёт тарзи, миллий қадриятлар, ҳунармандчилик ва анъаналарни бевосита ҳис қилиш имкониятини берувчи яхлит туристик тажриба яратилаётганидир.
Кичиксой қишлоғига “Туризм қишлоғи” мақомининг берилиши Нурота туманида қишлоқ туризмини ривожлантириш, янги сайёҳлик йўналишларини шакллантириш, маҳаллий аҳолининг даромад манбаларини кенгайтириш ва ҳудуднинг туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири