ЕИ Молдова аҳолисига энергия тўлови учун 30 миллион евро ажратади
Европа Иттифоқи Молдова аҳолисининг қиш мавсумида энергия харажатини қоплашига ёрдам бериш учун қўшимча 30 миллион евро ажратади. Ушбу маблағ фуқароларнинг электр ва иситиш учун тўловини қоплаш ёки камайтиришга йўналтирилади. Бу ҳақда ЕИ кенгайиш масаласи бўйича комиссари Марта Кос маълум қилди.
Таъкидланишича, Молдова сўнгги йилларда энергетика мустақиллигини мустаҳкамлаш борасида сезиларли натижаларга эришган. Хусусан, қитъа энергетика тармоғига уйғунлашув, электр узатиш инфратузилмасини ривожлантириш ва яшил энергетикага сармоя киритиш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилган.
Марта Кос 2025 йил февраль ойидаги илк ташрифи чоғида Молдова энергетика инқирозига дуч келганини эслатди. Яъни, энергетика хавфсизлигини таъминлаш учун Европа тармоғи билан боғлиқликни кучайтириш, электр узатиш тизимини ривожлантириш ва соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш зарур. Комиссар Европада энергия ресурслари етарли экани, асосий муаммо электр токини мамлакатлар ўртасида етказиб бериш имконияти чекланганида эканини қайд этди. Демак, тармоқ ва давлатлар аро боғловчи чизиқларни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.
Ажратиладиган 30 миллион евро ҳукуматга эмас, бевосита аҳолига ёрдам бериш учун мўлжалланган. Маблағ энергия тўлови бўйича бадал ажратиш, фуқароларнинг қишки сарфини камайтиришга сарфланади. Қайд этилишича, Европа Иттифоқининг Молдова халқи билан бирдамлигини ифодалайдиган бу кўмак ҳукумат томонидан совуқ мавсум учун белгиланган чораларни қўллаб-қувватлайди.
“Ўлчовли ёрдам” дастури доирасида ажратиладиган маблағ аҳолига қиш давомида бевосита бадал тўлови шаклида етказилади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА