“EAST CUP & OLIMPIC STARS” халқаро мусобақаси якунланди
Пойтахтимиздаги Республика “Келажак” маркази спорт мажмуасида бадиий гимнастика бўйича “EAST CUP & OLIMPIC STARS” халқаро Гран-при мусобақаси бўлиб ўтди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Спорт ҳамда Таълим ва илм-фан вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада мамлакатимиз спортчилари билан бир қаторда 10 дан ортиқ хорижий давлатдан келган жами 300 нафарга яқин спортчи иштирок этди.
Беш кун давом этган мусобақада иштирокчилар яккалик ва жамоавий дастурларда ўз маҳоратини намойиш этди. Беллашувлар халқаро бадиий гимнастика қоидалари асосида ўтказилиб, спортчиларнинг техник тайёргарлиги, ижодий ёндашуви ва ижро маҳорати баҳоланди.
Мусобақанинг очилиш маросимида иштирок этган Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси маслаҳатчиси Алишер Саломов экологик барқарорлик ва соғлом турмуш тарзи ўзаро узвий боғлиқ эканини таъкидлади. Шунингдек, ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш, уларнинг жисмоний фаоллигини рағбатлантириш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
[gallery-32410]
Бундай халқаро мусобақалар ёш спортчиларнинг маҳоратини ошириш, иқтидорли гимнастикачиларни кашф этиш, турли мамлакатлар вакиллари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, мамлакатимизда бадиий гимнастикани янада ривожлантириш ва унинг халқаро спорт майдонидаги нуфузини оширишда муҳим ўрин тутади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА