Душанбеда “Сув барқарор тараққиёт учун” IV халқаро конференцияси ўтказилди
Сув хўжалиги соҳаси бугунги кунда барқарор тараққиётнинг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли, мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш ва бошқариш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, иқлим ўзгариши ва сув танқислиги шароитида замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳам долзарб.
Жорий йилнинг 25-26 май кунлари Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган “Сув барқарор тараққиёт учун” тўртинчи халқаро конференцияси ушбу йўналишдаги кенг ҳамкорлик имкониятларини очиб берди.
Бу ҳақда Сув хўжалиги вазирлиги Халқаро алоқалар ва Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўлими бошлиғи Отабек Ҳазратов қуйидагиларни маълум қилди:
– Душанбе шаҳрида ўтказилган ушбу халқаро конференция сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун муҳим платформа бўлди. Конференция доирасида Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти (IWMI) томонидан “Трансчегаравий ҳамкорлик истиқболлари: сув ресурсларини барқарор бошқариш соҳасида инновациялар ва амалий ҳаракатлар” мавзусида форум ҳам ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг аграр ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси қатнашди.
Форум давомида трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, иқлим ўзгариши шароитида сув хавфсизлигини таъминлаш ҳамда минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича кенг фикр алмашилди. Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси томонидан мамлакатимизда сув ресурсларини бошқариш тизимини модернизация қилиш, соҳани рақамлаштириш ва сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Форум доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, маълумот алмашинувини кенгайтириш ва сув дипломатиясини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шундан сўнг Марказий Осиё давлатларининг сув хўжалиги идоралари раҳбарлари иштирокида юқори даражадаги вазирлар мулоқоти бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон сув хўжалиги идоралари раҳбарлари иштирок этди.
Мулоқотда трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ҳавза даражасида мувофиқлаштирилган бошқарувни таъминлаш, иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш ҳамда сув хўжалиги соҳасини рақамлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон томони минтақада сув ресурсларини бошқариш соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, сув хавфсизлигини таъминлаш ва амалий ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, мамлакатда сув ресурсларини бошқариш тизимини модернизация қилиш, рақамлаштириш ва сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, 2025 йилда Сув кодекси ҳамда 2025-2028 йилларга мўлжалланган сув ресурсларини бошқариш ва ирригация соҳасини ривожлантириш дастури қабул қилинган. Сув тежовчи технологиялар 2,6 миллион гектар майдонда жорий этилган ва 2028 йилгача бу кўрсаткични 3,5 миллион гектарга етказиш режалаштирилган.
Тадбирнинг иккинчи куни Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон “Сув барқарор тараққиёт учун” тўртинчи халқаро конференциясини очиб берди. У ўз маърузасида сувга адолатли ва кенг кириш масаласи глобал аҳамият касб этаётганини, бу борада халқаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Тадбирнинг кейинги қисмида Ўзбекистон делегацияси ялпи мажлисда иштирок этди. Унда мамлакатимизда сув хавфсизлигини таъминлаш, соҳани рақамлаштириш ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди.
Шунингдек, иштирокчиларга Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “Сувни тежаш бўйича Бутунжаҳон форуми” ҳақида маълумот тақдим этилди.

Таъкидлаш керакки, ушбу халқаро конференция сув ресурсларини барқарор бошқариш, трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда иқлим ўзгариши шароитида сув хавфсизлигини таъминлаш бўйича муҳим халқаро майдон сифатида яна бир бор ўз аҳамиятини намоён этди.
Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги конструктив мулоқот ва амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим ўрин тутади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА