Дунёнинг энг гўзал музейлари рўйхатидан Ислом цивилизацияси маркази ҳам жой олди
“Prix Versailles” мукофоти 2026 йил учун дунёнинг энг гўзал музейлари рўйхатини эълон қилди.
Мукофот бош котиби Жером Гуадиннинг сўзларига кўра, етти музейдан иборат ушбу қисқа рўйхат меъморий ва саҳна кўриниши бетакрорлиги билан ажралиб туради.
Абу-Дабидаги Зойид миллий музейи нуфузли рўйхатда биринчи ўринни эгаллади. Бино Прицкер мукофоти совриндори Норман Фостер томонидан асос солинган Британиянинг “Foster+Partners” меъморчилик корхонаси томонидан лойиҳалаштирилган.
Қуйида энг муваффақиятли етти лойиҳа ҳақида маълумот берамиз.

Зойид миллий музейи (БАА)
123 метр баландликка кўтарилган бу мажмуани беш пўлат минораси, учаётган лочин қанотидан илҳомланиб яратилган шаклидан дарҳол таниб олиш мумкин. Юксак эстетик ифодасидан ташқари, табиий шамоллатиш тамойилидан фойдаланилгани иншоот ичида салқин ҳавони ушлаб туришга ёрдам беради. Ичкари ва ташқарида табиий ёруғлик билан уйғунлашган илиқ оқ-қумли тус музейни ер ва осмон туташуви нуқтасига айлантириб, бошқача айтганда, ўзига хос уфқ вазифасини бажарган. Мажмуа Ал Масар боғи орқали қирғоққа қадар чўзилади. Шу тариқа чўл, воҳа ва шаҳар манзараси уйғунлашади.

Фан ва технология музейи (Хитой)
2025 йил 1 майда очилган Шэньчжэня фан ва технология музейи Буюк кўрфаз ҳудудининг янгича рамзидир. “Zaha Hadid Architects” томонидан лойиҳалаштирилган бино шаҳарни қучоқлаган улкан фазовий кема сифатида таърифланган. Бу жараёнда минтақа субтропик иқлимининг ўзига хос хусусияти, жумладан қуёш нури, ҳарорат, намлик, ҳукмрон шамол ва ҳаво сифатини инобатга олинган.

“Сюэлей” хуш бўй музейи (Хитой)
“Shenzhen Huahui Design” томонидан лойиҳалаштирилган Чин диёридаги бу маскан ёқимли ҳид яратиш борасида беқиёс. Музейнинг асосий қисми саккизта цилиндрсимон қизил ғиштин камерадан иборат. Меъморчиликнинг бундай услуби рамзий маънода атир ишлаб чиқаришда ишлатиладиган хом ашёни сиздириб тозалаш жараёнини ифодалайди. Мазкур ажойиб қурилма томошабинлар учун уйғун тажриба тақдим этади: худди макон бўйлаб ўтадиган хуш бўй изи каби. Ичкаридаги ёқимли ифорга тўйинган кенг галереяда қадим маросим тарихи ва энг сўнгги технология ютуғи оралиғидаги изчилликни кузатиш мумкин. Қарийб 300 интер фаол, кишига хуш кайфият бахш этувчи ҳидни татиб кўриш ҳиссий тажрибани ошириб, томдаги боғ саёҳатига ажойиб якун ясайди.

Ривоят музейи (Япония)
Жорий йил 28 март куни очилган Ривоят музейи Япониянинг биринчи темир йўл линияси жойлашган “Takanawa Gateway City” лойиҳасининг бир бўлаги сифатида тахминан 29 000 квадрат метр майдонни эгаллаган. Кенго Кума лойиҳаси асосида барпо этилган бу мажмуа санъат, анъана, технология ва таълим бирлашган иммерсив ва интер фаол маданий марказ ўлароқ тақдим қилинган.

Ғойиб бўлган Штетл музейи (Литва)
Литва текисликларида, Шедува тарихий маркази яқинида жойлашган Ғойиб бўлган Штетл музейи бир замонлар мамлакатда яшаган кичик яҳудий жамоалари – штетлларнинг йўқолган дунёсини ўрганади.

АҚШ Миллий фахрий медал музейи
АҚШнинг Техас штатида жойлашган, мамлакатнинг энг обрўли ҳарбий мукофоти соҳибларига бағишланган Миллий фахрий медал музейи “Rafael Viñoly Architects PC” томонидан ишлаб чиқилган энг сўнгги лойиҳа бўлиб, ландшафтли “Фахрий майдон”дан 12 метр баландда, металл қурилмада осилган улкан кўргазма зали атрофида бунёд этилган.

Ислом цивилизацияси маркази (Ўзбекистон)
Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ушбу коллекцияни якунлайди. Лойиҳа Темурийлар даврининг улкан порталлари ва 65 метр баландликдаги гумбазда акс этган монументал услубдан илҳом олган. Марказда ёруғлик, товуш ва мультимедиа бирлашиб, тафаккур муҳитини яратади. Кенг дастур эса архив, кутубхона, Ислом академияси ва конференция заллари орқали тадқиқот, таълим ва маданий тарғиботни ўз ичига олади. Тадқиқот дастурига 40 мамлакатдан тахминан 1500 изланувчи жалб қилинган мажмуа маданиятлараро мулоқот учун қулай манзилга айланди.
Шунчаки музей эмас, балки фан, маданият ва таълим масалаларига ихтисослашган, халқаро кўламда фаолият юритадиган маскан сифатида Ислом цивилизацияси маркази мамлакатимизнинг Исломдан аввалги ва ислом даври маданий меросини замонавий рақамли технология ҳамда илмий тадқиқот билан уйғунлаштирган. Жамланган ноёб экспонатлар ислом цивилизацияси Ўзбекистон ҳудудида асрлар давомида илм-фан, таълим, тарбия, маданият ва маърифат орқали ривожланиб келаётганини яққол намоён этади. Музейга кирганлар нафақат бебаҳо артефактлар, балки интер фаол ўқув лабораториялари, виртуал кўргазмалар, “Вақт капсулалари”, “Цивилизациялар ва кашфиётлар деворлари” ҳамда дунё бўйлаб ҳамма учун очиқ кўп тилли рақамли манбалардан баҳраманд бўлади.
Гўзал Сатторова, ЎзА