Германия Украинада ҳарбий ўқув марказини молиялаштиради
Германия Украинада ҳарбий хизматчиларни қайта тайёрлаш учун мамлакат ҳудудида ўқув марказлари ташкил этишга 10 миллион евро ажратади. Бу ҳақда ГФР мудофаа вазири Борис Писториус маълум қилди.
Қайд этилишича, тегишли маблағ Европa Иттифоқи ташаббуси доирасида Украинада тўлақонли ҳарбий таълим инфратузилмасини яратишга йўналтирилади. Лойиҳа доирасида ўқув бинолари ва зарур техник база шакллантирилиши режалаштирилган.
Киев армияси жанговар тайёргарлигини юқори даражада сақлашга хизмат қилиши ҳам таъкидланган мазкур тизим эҳтимолий тинчлик келишувидан кейин ҳам мамлакат мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан муҳим деб баҳоланмоқда.
Вазирлик маълумотига кўра, ҳозиргача қарийб 27 000 украиналик ҳарбий Германия ҳудудида тайёргарликдан ўтган.
Д.Ҳакимов, ЎзА