Геосиёсий таранглик денгиз экотизимига босимни кучайтирди
Яқин Шарқдаги можаро денгиз экотизимига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Олимлар Африка соҳиллари яқинида китлар билан кемалар тўқнашуви хавфи ортиб бораётганидан огоҳлантирди, деб хабар бермоқда BBC нашри.
Қайд этилишича, Яқин Шарқдаги вазият сабаб халқаро юк ташувчи кемаларнинг бир қисми Қизил денгиз ва Боб Ул-Мандоб бўғозини четлаб ўтиб, Африка атрофидаги йўналишга ўтмоқда. Натижада Жанубий Африка Республикаси яқинидаги денгиз ҳудудида транспорт қатнови кескин кўпайган.
Хусусан, 2023 йилдан буён Яхши Умид бурни орқали ҳаракатланувчи тижорий кемалар сони сезиларли даражада ошган. Халқаро валюта жамғармаси “PortWatch” маълумотига кўра, жорий йил март-апрель ойларида мазкур йўналиш орқали 89 кема ўтган. Бу 2023 йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан қарийб икки баробар кўп.
Претория университети ҳузуридаги Китларни ўрганиш бўлими раҳбари профессор Эльс Вермюлен ва унинг жамоаси айни масала юзасидан махсус тадқиқот ўтказиб, натижани Халқаро кит овлаш комиссиясига тақдим этди.
Олим таъкидлашича, кемалар ҳаракати билан китлар кўчиши кесишадиган ҳудудда тўқнашув эҳтимоли ортган. Айни пайт муаммонинг ҳақиқий кўламини аниқ баҳолаш қийин. Зеро, бу улкан жонивор кўпинча очиқ океанда ҳалок бўлиб, сув тубига чўкиб кетади.
Мутахассислар хавфни камайтириш учун айрим денгиз йўналишларини ўзгартириш ва муайян мавсумда кемалар тезлигини пасайтириш таклифини киритган. Шу билан бирга аниқ илмий маълумот базасини шакллантириш мақсадида ҳаво ва денгиз орқали қўшимча мониторинг ўтказиш режалаштирилган.
Профессор Вермюлен бу борада халқаро илмий ҳамжамият ва экология ташкилотлари ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган.
Д.Ҳакимов, ЎзА