Дунё рингларини забт этган ўзбек ўғлони
Мамлакатимизда спортни, айниқса, боксни ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор ва яратиб берилаётган кенг имкониятлар ўз самарасини бермоқда. Спортчиларни қўллаб-қувватлаш, ёшларни спортга кенг жалб этиш, иқтидорли авлодни тарбиялаш борасидаги изчил ислоҳотлар натижасида халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган истеъдодли спортчилар сафининг кенгайиб бораётгани қувонарли.
Ана шундай ёрқин истеъдодлардан бири — ўзбек бокс мактабининг муносиб вакили, жаҳон рингида ўз ўрнига эга бўлган Исроил Мадримов.
Исроил Мадримов 1995 йил 16 февраль куни Хива шаҳрида дунёга келган. У 2006 йилда мураббийлари Баҳром Қурёзов, Руслан Ибодуллаев ва Қувондиқ Жабборов қўл остида бокснинг сир-асрорларини ўргана бошлади.
Туман, шаҳар ва республика миқёсидаги мусобақаларда тобланган Исроил 2010 йилда Чирчиқ олимпия захиралари спорт коллежига ўқишга кирди. Бу ерда боксдаги маҳорати янада сайқал топди. У Тўлқин Қиличев, Рустам Саидов, Икром Бердиев ва Алишер Раҳимов каби тажрибали мутахассислардан сабоқ олди. Устозларнинг меҳнати, Исроил Мадримовнинг тиришқоқлиги ва боксга бўлган қизиқиши уни қисқа вақт ичида Ўзбекистон ёшлар боксидаги истиқболли спортчилардан бирига айлантирди.
Исроил Мадримовнинг катта спортдаги илк жиддий натижаси 2014 йил Инчхон шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларига тўғри келади. 69 килограмм вазн тоифасида иштирок этган ёш боксчи финалга қадар етиб бориб, мусобақанинг кумуш медалини қўлга киритди. 2016 йил Россиянинг Нижневартовск шаҳрида Фармон Салманов хотирасига бағишланган жаҳон кубогида 75 килограмм вазн тоифасида чемпион бўлиб, халқаро рингдаги салоҳиятини яна бир бор намоён этди.

2017 йил эса ўзбекистонлик боксчи фаолиятида сермаҳсул мавсумлардан бири бўлди. Апрель ойида Бангкокда ўтказилган Таиланд қироли кубогида ғолиб бўлди. Май ойида Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионатида эса чемпионга айланди. Мадримов финалда Жанубий Корея вакили Ли Донг Жинни катта устунлик билан мағлуб этиб, қитъа чемпионлигига эга бўлди.
Бундан ташқари, октябрь ойида Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда 75 килограмм вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди ва мусобақанинг энг яхши боксчиси деб топилди. Ноябрь ойида Санкт-Петербургда ўтказилган Губернатор кубогида ҳам финалгача етиб бориб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин олган ҳолда мусобақанинг ҳам энг яхши боксчиси сифатида эътироф этилди.
2018 йил май ойида эса Санкт-Петербург губернатори кубогида яна олтин медални қўлга киритди. Исроил Мадримовнинг шу йили Индонезияда ўтказилган Осиё ўйинларида 75 килограмм вазн тоифасида барча рақибларини ортда қолдириб, чемпион бўлди.
Жакартадаги ушбу ғалаба Мадримовнинг ҳаваскорлар боксидан профессионал рингга ўтиш нуқтасини ҳам белгилади. Осиё ўйинларидаги чемпионликдан сўнг у профессионал боксга қадам қўйиб, янги ва янада мураккаб босқични бошлади.

Осиё ўйинларидаги ғалабадан сўнг чарм қолқоп устамиз профессионал боксга қадам қўйди. Унинг илк жанги 2018 йил ноябрь ойида АҚШда Владимир Эрнандесга қарши ўтказилиб, олтинчи раундда техник нокаут эвазига эришилган ғалаба билан якунланди.
Орадан кўп ўтмай, 2019 йил март ойида Франк Рохасга қарши жангда иккинчи раундда нокаут билан ғалаба қозониб, “WBA Inter-Continental” камарига эга бўлди. Шу йилнинг июнь ойида Нью-Йоркдаги машҳур “Madison Square Garden” аренасида ўтказилган бокс оқшомида И.Мадримов Норберто Гонсалесни олтинчи раундда техник нокаут билан мағлуб этди. Кейинги йилларда эса Эрик Уокер, Эммануэль Каламбо ва Мишель Сорога қарши жангларда ҳам ғалабалар қайд этди.
Исроил Мадримов учун 2024 йил фаолиятидаги энг муҳим йиллардан бири бўлди. 8 март куни Саудия Арабистонининг Риёд шаҳрида Магомед Курбановга қарши жангда у бўш турган WBA версияси бўйича биринчи ўрта вазнда жаҳон чемпионлиги камари учун рингга кўтарилди. Жангнинг бешинчи раундида боксчимиз техник нокаут билан ғалаба қозонди. Шу тариқа, профессионал фаолиятида илк бор жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди.

Бироқ, чемпионлик камарини ҳимоя қилиш учун Исроил Мадримовга жуда жиддий рақиб тўғри келди. 2024 йил 3 август куни Лос-Анжелесда у америкалик маҳоратли профессионал боксчи Теренс Кроуфордга қарши жанг ўтказди. 12 раунд этиб белгиланган жангда ҳакамларнинг якдил қарори билан мағлуб бўлди. Шу тариқа, WBA камари Кроуфордга ўтди.
2025 йил 22 февраль куни Мадримов яна бир катта жангда иштирок этди. Риёд шаҳрида у Вергил Ортисга қарши WBC версияси бўйича вақтинчалик жаҳон чемпионлиги камари учун баҳс олиб борди. 12 раунд давом этган жангда ҳакамлар 117:111, 115:113, 115:113 ҳисобларини қайд этиб, ғалабани Ортисга берди.
Шундан сўнг Исроил Мадримов боксдаги фаолиятида янги босқични бошлади. 2026 йил 24 январь куни Лас-Вегасда Луис Давид Салазарга қарши жангда ғалаба қозонди. Бу ғалаба унинг Кроуфорд ва Ортисдан кейинги қайта тикланиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Ушбу ғалабадан кейин чрам қўлқоп устамизнинг профессионал боксдаги натижалари 11 ғалаба, 2 мағлубият ва 1 дурангни ташкил этмоқда. Дарвоқе, ғалабаларининг 7 тасида у рақибларини муддатидан олдин таслим этган.
Исроил Мадримовнинг спортдаги ютуқлари давлатимиз томонидан ҳам муносиб эътироф этиб келинмоқда. У 2018 йил Осиё ўйинларидаги ғолиблиги ортидан «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланган. 2026 йил 22 август куни эса Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан мамлакат спорти ривожига қўшган ҳиссаси, халқаро майдонда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилгани, ёшларни спортга кенг жалб этишдаги хизматлари ва ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун Президент фармонига мувофиқ «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.
— Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида камтарона меҳнатларимиз юксак баҳоланиб, «Дўстлик» ордени билан тақдирландим. Бу мукофот мен учун катта шараф ва масъулиятдир, — дейди Исроил Мадримов. — Аввало, ушбу муваффақиятларга эришишимда меҳнати сингган барча устоз-мураббийларим, оилам ва мухлисларга миннатдорлик билдираман. Халқимиз дуоси ва қўллаб-қувватлови мен учун доимо катта куч бўлиб келган. Насиб қилса, ҳали олдинда катта мақсадлар бор. Профессионал рингда янада юксак натижаларга эришиб, жаҳон чемпиони бўлиш ниятидаман.
Дарҳақиқат, бу эътироф боксчимиз учун фаолиятининг якуни эмас, балки янги ва янада масъулиятли марралар сари йўлдаги муҳим рағбатдир. Олдинда эса профессионал рингда янги жанглар, янги синовлар ва энг муҳими, жаҳон чемпионлиги сари интилиш турибди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА