Дўстликнинг янги манзили
Тарихда шундай саналар борки, улар бир халқнинг эмас, бутун инсоният тараққиётининг муҳим босқичларини ўзида мужассам этади. Ана шундай муҳим воқеалардан бири — Америка Қўшма Штатлари мустақиллигининг 250 йиллиги.
Бу қутлуғ сана бугун дунёнинг турли нуқталарида турли тадбирлар билан нишонланмоқда. Ана шу жараёнда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 34 йиллиги ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Бухоро заминида ўтказилаётган “Freedom 250 Roadshow” кўчма кўргазма ва жамоатчилик тадбири эса икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликнинг бугунги мазмунини кенг жамоатчиликка намоён этувчи ўзига хос мулоқот майдонига айланди.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ҳамда Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчиси ўринбосари Ҳезер Бернс иштирок этди.
Маросимда сўзга чиққан Ботир Зарипов Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда изчил ривожланиб, янги мазмун ва амалий йўналишлар билан бойиб бораётганини таъкидлади.
Айниқса, икки давлат раҳбарлари — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ Президенти Дональд Трамп ўртасидаги очиқ, ишончли ва дўстона мулоқотлар мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам замин яратаётгани қайд этилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат юритиш, жаҳоннинг етакчи давлатлари билан ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш, Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятини халқаро майдонда янада кенг намоён этишга қаратилган ташаббуслари бугун ўзининг амалий натижаларини бермоқда.
Давлат раҳбарининг 2025 йил ноябрь ва 2026 йил февраль ойларида АҚШ га амалга оширган икки амалий ташрифи ҳам икки давлат муносабатларида янги саҳифа очди.
Оқ уйдаги олий даражадаги музокаралар, “C5+1” саммити, АҚШ ҳукумати, молия институтлари ва етакчи компаниялари вакиллари билан учрашувлар стратегик шерикликни янада кенгайтириш учун янги имкониятларни юзага келтирди.
Энг муҳими, олий даражада эришилган келишувлар энди ҳудудлар ҳаётида ҳам ўз аксини топмоқда. Бугун Ўзбекистон ҳудудлари АҚШ штатлари ва шаҳарлари, университетлари, бизнес тузилмалари, туризм ва маданият муассасалари билан аниқ натижага йўналтирилган ҳамкорликни ривожлантирмоқда.
Бухоро ва Санта-Фе шаҳарлари ўртасида йўлга қўйилган яқин биродарлик алоқалари бунга ёрқин мисолдир. Бухоро вилояти ҳам халқаро ҳамкорлик учун яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб келмоқда.
2025 йилнинг ноябрь–декабрь ойларида вилоят делегацияларининг АҚШ га икки амалий ташрифи ташкил этилди. Бу сафарлар давомида иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгилаб олинди.
Дастлаб Бухоро вилояти раҳбарияти бошчилигидаги делегация Теннесси, Калифорния, Небраска, Техас ва Невада штатларида йирик компаниялар ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари билан музокаралар ўтказди.

Музокаралар якунида умумий қиймати 850 миллион долларлик инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ва 200 миллион долларлик маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича келишувлар шакллантирилди.
Улар орасида замонавий тиббиёт ва меҳмонхона мажмуалари, стартапларни қўллаб-қувватлаш дастурлари, рақамли хизматлар маркази, сув тежовчи суғориш технологиялари ва тўқимачилик маҳсулотлари экспорти каби муҳим йўналишлар бор. Бу рақамлар шунчаки статистика эмас. Уларнинг ортида янги корхоналар, замонавий технологиялар, иш ўринлари, экспортбоп маҳсулотлар ва Бухоро иқтисодиётининг янги имкониятлари мужассам.
Делегациянинг навбатдаги ташрифи Санта-Фе, Вашингтон, Флорида, Нью-Йорк ва Нью-Жерси шаҳарларини қамраб олди. Унда туризм, маданият, ҳунармандчилик, таълим, тиббиёт ва маданий мерос соҳаларидаги алоқаларни кенгайтиришга қаратилган қатор муҳим келишувларга эришилди. Санта-Фе билан шерикликни мустаҳкамлаш, халқаро фестивалларга америкалик ҳунармандлар ва экспертларни жалб этиш, сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш, таълим ва маданий дастурларни амалга ошириш истиқболлари белгилаб олинди. Шунингдек, Жаҳон ёдгорликлар жамғармаси билан Бухородаги тарихий уйлар ва маданий мерос объектларини асраш бўйича мулоқот йўлга қўйилди. Бу алоқаларнинг амалий самараси кўп ўтмай намоён бўлди.

2026 йил февраль ойида Америка делегацияси Бухорога ташриф буюриб, халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этди. Бухоронинг бетакрор туристик салоҳияти Нью-Йоркнинг машҳур Таймс-сквер майдонидаги экранларда намойиш этилгани эса шаҳарнинг халқаро туристик имижини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
— Мазкур сафар ва учрашувларнинг энг қимматли жиҳати — Бухоро ва Америка ўртасидаги мулоқотнинг аниқ лойиҳалар ва жонли инсонлар ўртасидаги алоқаларга айланаётганидир. Бугун ҳунармандлар, олимлар, тадбиркорлар, туризм вакиллари ва ёшлар бир-бири билан бевосита фикр ва тажриба алмашмоқда. Мустаҳкам дўстлик ва узоқ муддатли шериклик айнан шундай муносабатлардан бошланади, — деди Ботир Зарипов.
Дарҳақиқат, халқаро ҳамкорликнинг энг катта бойлиги фақат сармоя ёки савдо ҳажми билан ўлчанмайди. Унинг энг мустаҳкам пойдевори — инсонлар ўртасидаги ишонч, халқлар ўртасидаги дўстлик ва келажакка бўлган умумий ишончдир. Шу маънода, “Freedom 250 Roadshow” ҳам ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.
АҚШ элчиси ўринбосари Ҳезер Бернс ўз нутқида “Freedom 250 Roadshow” лойиҳасининг аҳамиятига тўхталиб, тадбир орқали Америка Қўшма Штатларининг таълим, инновация, технология, бизнес ва маданият соҳаларидаги имкониятлари кенг жамоатчиликка тақдим этилаётганини таъкидлади. Айниқса, ёшлар, таълим ва инновацияларнинг икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ўрни муҳим экани қайд этилди. Зеро, бугунги ёшлар — эртанги Ўзбекистон – АҚШ муносабатларининг янги авлод элчиларидир.

Уларнинг Америкада таҳсил олиши, халқаро дастурларда иштирок этиши, замонавий технологияларни ўрганиши, хорижий тенгдошлари билан тажриба алмашиши икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни узоқ йилларга таъминлайдиган интеллектуал кўприк вазифасини ўтайди.
Бухорода икки кун давом этадиган тадбир доирасида ташриф буюрувчилар интерактив кўргазмалар билан танишиш, АҚШда таълим олиш имкониятлари, халқаро таълим дастурлари ва академик алмашинув лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот олиш имконига эга бўлмоқда.
Америкалик ва ўзбекистонлик мутахассислар билан очиқ мулоқотлар, янги ғоялар, замонавий технологиялар ва инновацион ташаббуслар тақдимотлари ҳам тадбирнинг муҳим қисмини ташкил этмоқда. Бу ерда кўргазма шунчаки томоша учун эмас. Бу — билим олиш, ғоя топиш, ҳамкор излаш, янги имкониятларни кашф этиш ва келажак режаларини белгилаш майдони.
“Freedom 250 Roadshow” Америка Қўшма Штатларининг 250 йиллик давлатчилик тарихини намоён этиш билан бирга, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги 34 йиллик дипломатик муносабатларнинг бугунги мазмунини ҳам яққол кўрсатиб бермоқда.

Бир томонда — тарих. Иккинчи томонда — инновация. Бир томонда — маданий мерос. Иккинчи томонда — замонавий технология. Уларни бирлаштириб турган асосий куч эса дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишончдир. Бугун Бухорода ўтаётган ушбу тадбирнинг аҳамияти ҳам шунда: у икки мамлакат халқларини дипломатик доиралардагина эмас, балки оддий инсонлар, ёшлар, олимлар, тадбиркорлар, ҳунармандлар ва ижодкорлар орқали янада яқинлаштирмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро ҳамкорликни янги, амалий ва ўзаро манфаатли босқичга олиб чиқишга қаратилган ташаббуслари туфайли бугун Бухоро дунё билан мулоқот қилаётган оддий тарихий шаҳар эмас, балки янги ғоялар, инвестициялар, билим ва маданий алмашинувлар туташган халқаро мулоқот майдонига айланмоқда.
Шу маънода, “Freedom 250 Roadshow”нинг Бухорода ўтказилиши рамзий маънога ҳам эга. Чунки тарихни ўрганиш инсонни кечаги кун билан боғласа, дўстлик ва ҳамкорлик уни эртанги кун сари етаклайди. Бухорода бугун ана шу икки олам — тарих ва келажак бир майдонда учрашмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири