Допингга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди
Спорт вазирлигида допингга қарши курашиш масалаларига бағишланган йиғилишда жорий йил давомида ўтказиладиган ички ва халқаро мусобақаларда қатнашадиган спортчиларни антидопинг қоидаларига риоя этилиш масалалари таҳлил қилинди.
Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Миллий антидопинг агентлиги мутасаддилари, спорт федерация ва ассоциацияларининг масъул вакиллари иштирок этган йиғилиш танқидий руҳда кечди.
Жорий йилнинг ўтган қисми давомида допинг қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар таҳлил қилиниб, мавжуд камчиликлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Федерацияларнинг масъулларига вазиятни тўлиқ назоратга олиш, спортчиларнинг ADAMS тизимидаги жойлашув маълумотларини мунтазам кузатиб бориш ҳамда антидопинг қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Муҳокамалар давомида мамлакатимиз спортчиларини олдинда “Аичи-Нагоя-2026” ёзги Осиё ўйинлари ва бошқа қатор нуфузли халқаро мусобақалар кутиб тургани, уларда муносиб натижаларга эришишда антидопинг қоидаларини билиш муҳим омил экани таъкидланди.
Йиғилишда спортчилар ўртасида профилактик тушунтириш ишларини кучайтириш ва антидопинг назоратини янада такомиллаштириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Т.Рўзиев, ЎзА