ДХХ ва божхона ходимлари халқаро наркоканал фаолиятига чек қўйди
Давлат хавфсизлик хизмати ва “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда хориждан ноқонуний равишда олиб келинган катта миқдордаги гиёҳвандлик воситаси тўхтатиб қолинди.
Мамлакатимизда ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари доирасида “Бангкок – Шаржа – Тошкент” авиайўналишида учиб келган Қозоғистон Республикаси фуқароси (1994 й.т.) Тошкент халқаро аэропортида тезкор текширувдан ўтказилди.
Текширув давомида хориж фуқаросининг қўл сумкасидаги 8 дона ширинлик пакети ва 5 дона пластмасса идиш ичига яширилган, умумий вазни 4,4 килограммни ташкил этувчи “Мефедрон” синтетик наркотик моддаси борлиги аниқланди ва мусодара қилинди.
Тезкор-қидирув тадбири зудлик билан давом эттирилиб, гиёҳвандлик моддасини қабул қилиб олиши керак бўлган шахс ҳам фош этилди. Интернетдаги «наркодўкон» бошқарувчисининг топшириғига кўра, хорижлик фуқаро ушбу оғуни пойтахтдаги меҳмонхоналардан бирида Янгийўл шаҳрида яшовчи маҳаллий фуқарога (2006 й.т.) бераётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Шунингдек, текширув жараёнида ушбу маҳаллий фуқаронинг ёнида пневматик пистолет борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми (Контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА