ДХХ кубогининг саралаш босқичи қизғин паллада
Бутун республикамиз бўйлаб ҳар йили анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида футбол бўйича “Давлат хавфсизлик хизмати раиси кубоги” Наманган вилоятининг барча шаҳар ва туманларида кўтаринки руҳда давом этмоқда.
Хусусан, Наманган шаҳри таркибидлаги Давлатобод туманида жойлашган футбол мактабида 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида ДХХ кубоги учун футбол мусобақасининг туман саралаш босқичи ҳал қилувчи паллага кирди.

Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва спортга бўлган қизиқишини оширишга қаратилган мазкур мусобақада тумандаги 28 та маҳалла жамоаси Олимпия цикли қоидалари асосида ўзаро куч синашмоқда.

Ушбу учрашувларни кузатиб борган Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси раиси Шавкат Абдураззоқов ёш футболчилар билан суҳбатлашди. Иштирокчиларга мусобақада омад ёр бўлишини тилади.

Ёш авлод орасида дўстлик, жамоавийлик ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этадиган “ДХХ кубоги”нинг саралаш босқичи вилоятнинг барча ҳудудларида юқори савияда ўтказилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА