“ДХХ кубоги”да кучлилар сараланди
Тошкент вилоятида "ДХХ кубоги"нинг футбол ва мини-футбол бўйича муросасиз финал баҳслари ниҳоясига етди. 22 та туман-шаҳардан йиғилган ёш иштирокчилар орасидаги энг кучли жамоалар аниқланиб, Республика босқичига йўл олди.
Футбол ва мини футбол бўйича ўтказилган “ДХХ кубоги”нинг Тошкент вилояти финал босқичи ғолиблари аниқланди. Мусобақанинг ҳудудий босқичларида 22 та туман-шаҳардаги маҳаллаларнинг жамоалари ўз имкониятларини синовдан ўтказди. Мусобақаларда асосан 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар иштирок этди.
Олмалиқ шаҳридаги АГМК спорт мажмуасида ўтказилган финал учрашуви ҳақиқий футбол байрамига айланди. Унда Бекобод тумани ҳамда Юқори Чирчиқ тумани жамоалари бош соврин учун майдонга тушди. Мухлислар ёрқин голлар ва унутилмас лаҳзаларнинг гувоҳи бўлди. Якунда Юқори Чирчиқ тумани футболчилари 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақанинг бош кубогини қўлга киритди.
Учрашув якунлангач, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳамда тегишли мутасадди раҳбарлар иштирок этиб, жамоаларни самимий табриклади. Уларнинг келгуси фаолиятига муваффақиятлар тилади. Ғолиб ва совриндор жамоаларга кубок, медаль ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, турнир доирасида ўтказилган мини футбол бўйича Қизлар ўртасидаги финал баҳсида Янгийўл тумани жамоаси Чиноз тумани жамоасини 3:2 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақа ғолибига айланди. Ўғил болалар ўртасидаги учрашувда эса Бўка тумани жамоаси юқори маҳорат ва жамоавий ўйин намойиш этиб, мини футбол бўйича Тошкент вилояти чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди.
Энди ғолиб жамоалар мазкур мусобақанинг Республика босқичида қатнашиб, Тошкент вилояти шарафини ҳимоя қилади.
[photobank-29952]
А.Мусаев, А. Алижонов (сурат), ЎзА мухбирлари