ДХХ кубоги: 3-тур олдидан кимлар пешқадам?
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) кубогининг мини-футбол бўйича қизлар ва ўғил болалар ўртасидаги мусобақасида 2-тур учрашувлари якунланди. Натижалардан сўнг гуруҳлардаги вазият янада қизғин тус олди.
“Бунёдкор” футбол академияси майдонларида ўтаётган мусобақанинг қизлар ўртасидаги мини-футбол баҳсларида “А” гуруҳида Фарғона вилояти жамоаси Сурхондарёни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Жиззах вилояти эса Қашқадарёни 2:0 ҳисобида енгди. Шу тариқа, Фарғона вилояти икки учрашувдан кейин 6 очко билан гуруҳда пешқадамлик қилмоқда. Жиззахда 3, Сурхондарё ва Қашқадарёда эса 1 очкодан бор.
“B” гуруҳида Хоразм вилояти Андижонни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Бу гуруҳда Тошкент шаҳри ва Хоразм вилояти 3 очкодан жамғарган бўлса, Андижон вилояти жамоаси ҳамон очкосиз қолмоқда. “C” гуруҳида Самарқанд вилояти Наманганни 3:1 ҳисобида енгди. Айни пайтда Сирдарё ва Самарқанд 3 очкодан жамғарган ҳолда юқори ўринларни эгаллаб турибди. Наманган икки учрашувда ҳам мағлуб бўлди.
“D” гуруҳида Тошкент вилояти Бухорони 2:0 ҳисобида енгиб, икки ўйиндан сўнг 6 очко билан якка пешқадамга айланди. Қорақалпоғистон Республикаси эса Навоий вилоятини 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Бухоро ва Қорақалпоғистонда 3 очкодан мавжуд бўлса, Навоийда очко йўқ.
Ўғил болалар ўртасида ҳам 2-тур баҳслари муросасиз кечди. Хусусан, “А” гуруҳида Тошкент вилояти Навоийни 2:0 ҳисобида енгган бўлса, Жиззах вилояти Самарқанд устидан 9:0 ҳисобида йирик ғалабага эришди. Тошкент вилояти 6 очко билан пешқадам. Навоий ва Жиззахда 3 очкодан мавжуд.

“B” гуруҳида Қорақалпоғистон Республикаси Фарғона вилоятини 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Наманган ва Қорақалпоғистон Республикаси 3 очкодан жамғарган ҳолда юқори ўринларни эгаллаб турибди. “C” гуруҳида Тошкент шаҳри Бухоро вилоятини 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Пойтахт жамоаси бир ўйиндан кейин 3 очко билан пешқадам. Бухоро ҳам 3 очкога эга.
“D” гуруҳида Сирдарё ва Андижон 3:3 ҳисобида дуранг ўйнади. Қашқадарё эса Хоразмни 2:1 ҳисобида енгди. Сирдарё 4 очко билан гуруҳ пешқадами бўлиб турибди. Қашқадарё ва Хоразмда 3 очкодан, Андижонда 1 очко бор.

Бугун 3-тур баҳслари ўтказилади:
Қизлар ўртасида Навоий — Бухоро, Тошкент вилояти — Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах — Сурхондарё, Фарғона — Қашқадарё, Тошкент шаҳри — Андижон, Сирдарё — Самарқанд учрашувлари бўлиб ўтади.
Ўғил болалар ўртасида эса Хоразм — Сирдарё, Андижон — Қашқадарё, Жиззах — Тошкент вилояти, Навоий — Самарқанд, Наманган — Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё — Тошкент шаҳри баҳслари ўтказилади.
Бугунги учрашувлардан сўнг гуруҳ босқичининг якуний натижалари ва кейинги босқичга йўл оладиган жамоалар номи маълум бўлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА