“US Open-2026”: Полина Кудерметованинг илк рақиби аниқ бўлди
Теннис бўйича Америка очиқ чемпионатида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган теннисчилар жиддий синовга дуч келади. Айниқса, саралаш босқичидаги илк учрашув катта аҳамиятга эга.
Жорий йилнинг 13 сентябрига қадар давом этадиган теннис бўйича “Катта дубулға” туркумига кирувчи Америка очиқ чемпионатида мамлакатимиз шарафини уч нафар теннисчи ҳимоя қилади. Камилла Раҳимова ва Мария Тимофеева турнирнинг асосий тўрида иштирок этса, Полина Кудерметова саралаш босқичидан баҳсларга киришади.
Саралаш баҳсларига ташланган қуръа натижасига кўра, Ўзбекистоннинг учинчи рақамли теннисчиси Полина Кудерметова биринчи рақам остида таснифланди. Ҳамюртимиз биринчи босқичда чехиялик 21 ёшли Линда Фрухвиртовага қарши кортга чиқади.
Мазкур учрашув Тошкент вақти билан 25 августга ўтар кечаси соат 00:30 да бошланади.
Маълумот учун, бу теннисчиларнинг ўзаро иккинчи учрашуви бўлади. Улар илк бор 2024 йил 23 сентябрь куни Пекиндаги турнирда рақобатлашган. Ўшанда Кудерметова 6:7 (3), 6:1, 6:2 ҳисобида ғалаба қозонган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА