Гандболчи ёшларимиз бугун Ҳиндистон жамоаси билан куч синашади
Бугун, 24 август куни Иордания пойтахти Аммон шаҳрида гандбол бўйича ўтаётган 11-Осиё чемпионати гуруҳ босқич ўйинларининг учинчи турида Ўзбекистон U-18 терма жамоаси Ҳиндистон жамоасига қарши ўйин ўтказади.
Кеча гуруҳ босқичининг иккинчи турида Баҳрайн жамоасига қарши ўтган баҳсда ҳамюртларимиз рақибларига 36:28 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса-да гандболчи йигитларимиз майдонда муносиб ўйин кўрсатди. Учрашув давомида бир қатор чиройли ва эсда қоларли голлар қайд этилди. Айниқса, дарвозабонимизнинг ўз жарима майдонидан рақиб дарвозасини аниқ нишонга олган голи учрашувнинг ёрқин лаҳзаларидан бири сифатида эътироф этилди.
3-тур ўйинлари остонасида Баҳрайн жамоаси 6 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Жанубий Корея жамоасида 4, Индонезияда 2 очко мавжуд. Ўзбекистон ва Ҳиндистон жамоалари турнир жадвалининг сўнгги қаторларида бормоқда.
Айтиш лозимки, ўсмирлар ўртасидаги 12-жаҳон чемпионатига саралаш босқичи вазифасини ўтайдиган ушбу биринчиликда 10 та миллий терма жамоа 2 та гуруҳга бўлинган ҳолда баҳс олиб бормоқда.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари “А” гуруҳда Жанубий Корея, Баҳрайн, Иордания, Ҳиндистон жамоалари билан жой олган бўлса, “Б” гуруҳда Қатар, Эрон, Кувайт, Сурия, Саудия Арабистони жамоалари куч синашмоқда.
Ҳар бир гуруҳдан энг яхши тўртта жамоа чорак финалга йўл олади ва жаҳон чемпионати саралаш босқичига йўлланма олиш имкониятини сақлаб қолади. Амалдаги қитъа чемпиони Япония жамоаси мусобақада иштирок этмаяпти.
Гуруҳлардаги дастлабки саралаш босқич ўйинлари 20-26 август кунлари бўлиб ўтади.
Чемпионатнинг илк турида ўзбекистонлик гандболчи ёшлар Осиё чемпионатлари тарихидаги энг кўп совринли ўринларни қўлга киритган Жанубий Корея жамоасига қарши руҳий босим остида кечган ўйинда ҳамюртларимиз 47:29 ҳисобида мағлуб бўлди.
Эслатиб ўтамиз, ўз гуруҳидан энг яхши натижа қайд этган тўртта жамоа 28 август куни чорак финалда “Б” гуруҳнинг омадли жамоалари билан баҳс олиб боради.
Ярим финал учрашувлари 29 август, финал ва бронза медали учун ўйинлар 31 август куни ўтказилади.
Т.Рўзиев, ЎзА