Депутат талабалар билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ботирали Шодиев Навоий давлат университетида талабалар билан учрашди.
Унда Президентимизнинг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, тадбирда давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 14 февраль куни ёшлар билан ўтказган очиқ мулоқотида илгари сурилган ташаббуслар ва ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида талабаларга батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда экологик сиёсатни такомиллаштириш ва экологик хавфсизликни таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.

Давлат дастурида яшил энергетиканинг, жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, шамол ва қуёш электр станцияларини кўпайтириш, энергия самарадорлигини ошириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, сув ресурсларини тежаш, чиқиндиларни қайта ишлаш, атмосферага чиқарилаётган зарарли чиқиндиларни камайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Шу билан бирга шаҳарларда яшил ҳудудларни кенгайтириш, экологик маданиятни юксалтириш, айниқса, ёшлар орасида экологик таълимни ривожлантириш, атроф-муҳитга масъулият билан ёндашиш каби масалалар ҳамон долзарблигича қолмоқда.

Тадбирда Навоий давлат университети ректори, профессор Муҳиддин Калонов ҳам сўзга чиқиб, олий таълим муассасаларининг экологик таълим ва илмий тадқиқотлардаги ўрни, университет талабалари учун экология соҳасида янги имкониятлар яратиш, ёшларни экологик тадқиқотларга жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.
Тадбир давомида талабалар экология ва яшил иқтисодиёт йўналишидаги ислоҳотлар, Навоий вилоятида амалга оширилаётган экологик лойиҳалар, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, келгусида университетда “Ёш экологлар” қаноти фаолиятини кенгайтириш, экологик лойиҳалар бўйича танловлар ташкил этиш ва амалий дастурларни жорий этиш каби таклифларни билдирди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири