Даъво муддати жорий қилинмайдиган ҳолатларни биласизми?
Даъво муддати – бу шахс ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш учун қонунда белгиланган вақт оралиғи. Аммо баъзи талаблар борки, улар даъво муддати билан чекланмайди, яъни исталган вақтда судга мурожаат қилиш мумкин.Хўш, қандай талабларга даъво муддати қўлланилмайди?
Тошкент давлат юридик университети ходими Имомали Туев бу борада қуйидагича тушунча берди:
– Шахсий мулкий ҳуқуқлар ва номоддий бойликлар ҳимояси, жумладан, шаъни, қадр-қиммати, шахсий ҳаёт дахлсизлиги, фамилия, исм ва бошқа шахсий ҳуқуқларга даъво муддати қўлланилмайди.
Банк омонатлари ва кафолатланган тўловларда омонатчининг ўз пулини банкдан талаб қилиш, ёки омонатларни кафолатлаш агентлигидан компенсация сўраш ҳуқуқи вақтга боғлиқ эмас.
Фуқарога ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарни қоплашда ҳам судга кеч мурожаат қилинган тақдирда ҳам, даъво муддати ўтган бўлса, охирги 3 йил учун тўлов ундирилади.
Жиноят натижасида етказилган моддий зарар ҳолатида жиноятдан зарар кўрган шахс, ҳар қанча вақт ўтса ҳам судга мурожаат қилиши мумкин.
Мулкдорнинг ёки бошқа эгалик қилувчининг ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузишларни, гарчи бу бузишлар эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса ҳам (ушбу Кодекснинг 231-моддаси), бартараф этиш ҳақидаги талабларига, тарихий-маданий бойликларни қайтаришда даъво муддати чекланмаган.
Мустақилликдан олдин мамлакатдан олиб чиқиб кетилган миллий бойликлар (масалан, артефактлар, асарлар, қадимий буюмлар)ни қайтариш учун ҳам даъво муддати чекланмаган.
Вақт ўтгани – ҳуқуқингиз йўқолгани эмас!
Агар сизнинг муаммонгиз юқоридаги тоифалардан бирига тегишли бўлса – даъво муддати ўтди деб ўйламанг, ҳуқуқингизни ҳимоя қилиш имконияти сақланиб қолган.
Асос: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 163-моддаси.
Гулноза Бобоева, ЎзА