Давлатободда замонавий инфратузилма барпо этилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Давлатобод туманидаги Тўрақўрғон туризм кўчасида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Узунлиги 3,1 километр бўлган мазкур йўл замонавий талаблар асосида тўлиқ реконструкция қилиниб, 4 тасмали кўринишга келтирилмоқда. Лойиҳа доирасида кўчанинг икки томонида пиёдалар йўлаклари, яшил ҳудудлар ҳамда аҳоли учун қулай жамоат маконлари ташкил этиш режалаштирилган.
[gallery-29964]
Шунингдек, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 1400 та замонавий тунги ёритиш чироғи ўрнатилиши ва 2 та ер усти пиёдалар ўтиш йўлаги қурилиши кўзда тутилган.
Умумий қиймати 40,2 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида 109 та хонадон ва 286 та нотурар объект таъмирланади. Бундан ташқари, 5 та янги объект ҳамда 20 та бино барпо этилади.
Амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари натижасида ҳудуднинг муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси янада такомиллашиб, аҳоли учун қулай ва замонавий муҳит шакллантирилади. Шу билан бирга, Давлатобод туманининг шаҳарсозлик қиёфаси янада кўркам ва жозибадор тус олади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА