Дам олиш кунлари тоғли ҳудудларга қўшимча транспорт қатновлари йўлга қўйилмоқда
Ёз фаслида тоғ бағрида ҳордиқ чиқаришни истаганлар сони ортиб, Бўстонлиқ туманидаги туристик масканларга бўлган талаб ҳам сезиларли даражада ошади.
Айниқса, дам олиш ва байрам кунлари Чорвоқ, Чимён, Амирсой ҳамда Бельдерсой йўналишларида йўловчилар оқими кўпаяди. Шу муносабат билан аҳоли ва сайёҳлар учун қўшимча транспорт қатновлари йўлга қўйилмоқда.
Тоғли ҳудудларга жамоат транспорти орқали бориш имкониятини кенгайтириш, йўловчиларга қулайлик яратиш ва дам олиш масканларига етиб боришни осонлаштириш мақсадида 324М ва 325М-сонли “Чиноркент темир йўл бекати – Бельдерсой” микроавтобус йўналишларида қатновлар сони оширилади. Мазкур йўналишлар Амирсой ва Чимён орқали ҳаракатланади. Оддий кунларда ушбу йўналишларда 20 та микроавтобус соат 06:00 дан 18:30 гача ҳар 15 дақиқада ҳаракат қилади. Кун давомида жами 86 та қатнов амалга оширилади.
Дам олиш, байрам ва қўшимча дам олиш кунларида эса йўловчилар эҳтиёжи инобатга олиниб, транспорт ҳаракати янада кучайтирилади. Бунда қатновлар соат 05:30 дан бошланиб, микроавтобуслар ҳар 10 дақиқада ҳаракатланади. Хусусан, 324М-йўналишда қатновлар соат 22:06 гача, 325М-йўналишда эса соат 22:00 гача давом этади. Шунингдек, ҳаракат таркиби 324М-йўналишда 15 тагача, 325М-йўналишда 16 тагача оширилади. Натижада мазкур икки йўналиш бўйича кунлик қатновлар сони 158 тага етказилади.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳри билан Бўстонлиқ тумани ўртасида ҳаракатланувчи 1226-сонли “Машинасозлар метро бекати – Хумсон қўрғони (Чорвоқ)” автобус йўналишида ҳам қўшимча чоралар кўрилади. Ҳозирда ушбу йўналишда 3 та автобус мунтазам равишда хизмат кўрсатмоқда.
Дам олиш ва байрам кунларида йўловчилар оқими ошишига қараб, яна 1 та автобус захирага чиқарилади. Бу эса Чорвоқ ва унинг атрофидаги ҳудудларга борувчи аҳоли ҳамда сайёҳлар учун транспортдан фойдаланиш имкониятини янада яхшилайди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, туристик ҳудудларга жамоат транспорти қатновларини кўпайтириш нафақат йўловчиларга қулайлик яратади, балки дам олиш масканларига шахсий автомобилларда борувчилар оқимини камайтириш, йўлларда тирбандликларнинг олдини олиш ва туристик ҳудудларда транспорт ҳаракатини тартибга солишга ҳам хизмат қилади. Шу тариқа, дам олиш кунларида Бўстонлиқнинг тоғли ҳудудларига саёҳат қилишни режалаштираётганлар учун эрталабки ва кечки вақтларда ҳам жамоат транспортидан фойдаланиш имконияти кенгаймоқда. Бу эса аҳоли ва меҳмонларнинг тоғ масканларида мазмунли ҳордиқ чиқариши учун яна бир қулайликдир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА