Давлат хизматлари самарадорлиги ўрганилди
Бир ҳужжатни расмийлаштириш учун бир нечта идорага мурожаат қилиш ва узоқ навбатларда кутиш каби оворагарчиликлар тобора камаймоқда. Бугун давлат хизматлари марказларида яратилган шароитлар туфайли кўплаб юмушларни бир манзилнинг ўзида ҳал этиш мумкин. Бу, аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг вақтини тежаш ва уларнинг ҳаётини енгиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар самарасидир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Сирдарё вилоятида бўлиб, давлат хизматлари марказларининг фаолияти, аҳолига яратилган шароитлар ва хизмат кўрсатиш сифатини ўрганишди. Жумладан, Гулистон шаҳри ва Мирзаобод тумани Давлат хизматлари марказларида мурожаатларни қабул қилиш тартиби, электрон навбат тизимининг ишлаши ҳамда мавжуд имкониятлар билан танишилди.

Айниқса, Гулистон шаҳридаги «ягона дарча» тамойили асосида фаолият юритувчи марказ депутатлар эътиборини тортди. Ўтган йили фойдаланишга топширилган, умумий қиймати 6 миллиард 972 миллион сўм бўлган мазкур иншоотда бир қатор ҳуқуқий ва маъмурий хизматлар бир жойда жамланган.

Замонавий бинода шаҳар адлия бўлими, юридик хизмат кўрсатиш маркази, ФҲДЁ бўлими, Давлат хизматлари маркази, нотариал ва ФҲДЁ архивлари жойлашган. Бу ерда фуқаролар ҳужжатларни расмийлаштириш, ҳуқуқий маслаҳат олиш, никоҳни қайд этиш ва мулкий муносабатларга оид масалаларни ҳал қилиш имконига эга.

Марказнинг 17 та қабул ойнаси орқали 800 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари кўрсатилади. Электрон навбат тизими, ахборот киосклари ва маслаҳат хизматлари эса мурожаатларни тезкор қабул қилиш ва хизматлардан фойдаланишни осонлаштиришга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган шароитлар, жумладан, давлат хизматларидан тўсиқларсиз фойдаланиш ва инфокиосклар орқали хизматларни мустақил олиш имкониятлари кўриб чиқилди. Зеро, хизматлардан фойдаланишда барча фуқаролар учун тенг имконият яратилиши муҳим.

Мамлакатимизда маъмурий жараёнларни соддалаштириш ва ортиқча ҳужжатбозликни қисқартириш борасида ҳам муайян натижаларга эришилмоқда. Хусусан, 178 та хизмат соддалаштирилиб, 39 та композит хизмат жорий этилган. Бизнес жараёнларини қайта кўриб чиқиш натижасида яна 71 та хизмат соддалаштирилган, 40 турдаги маълумот ва ҳужжатларни тақдим этиш тартиби мақбуллаштирилган.

— Депутатлар марказимиз фаолияти билан танишиш жараёнида аҳолига яратилган шароитлар ва хизмат кўрсатиш сифатига алоҳида эътибор қаратдилар. Ўрганиш давомида ўз тавсия ва маслаҳатларини ҳам билдирдилар. Бундай мулоқотлар фаолиятимизни такомиллаштириш ва хизматлар сифатини оширишда муҳим аҳамиятга эга, — дейди Гулистон шаҳар Давлат хизматлари маркази директори Суннат Қудратов.

Ўрганишлар давомида соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш ва мавжуд муаммоларга амалий ечим топиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Жойлардаги ҳолатни таҳлил қилиш, соҳа вакиллари билан мулоқот ўтказиш фуқаролар эҳтиёжларини аниқлаш ва хизматлар самарадорлигини оширишга қаратилган чораларни белгилаш имконини беради.

Давлат хизматларининг содда, тезкор ва шаффоф ташкил этилиши ислоҳотларнинг аҳоли ҳаётидаги амалий ифодасидир. Уларнинг натижаси фуқароларнинг вақти тежалиши, мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилиши ва зарур хизматлардан ортиқча сарсонгарчиликсиз фойдаланишида намоён бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири