Давлат хизматлари маркази филиалига пресс-тур ташкил этилди
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун Кегейли тумани адлия бўлими давлат хизматлари марказининг Халқобод филиали янги биносига пресс-тур ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимизда давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда аҳолига ўз яшаш жойининг ўзида сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 17 та давлат хизматлари маркази ҳамда уларнинг олис ҳудудларда жойлашган 8 та филиали томонидан аҳолига давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Мазкур марказлар барча туман ва Нукус шаҳрида янгидан қурилган замонавий ҳамда барча қулай шароитга эга бино билан таъминланди. Марказлар томонидан 780 мингдан ортиқ давлат хизмати, шунингдек, 1 миллион 329 мингдан ортиқ хизмат онлайн тартибда амалга оширилди. 12 минг 759 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди. ФҲДЁ органлари томонидан 43 минг 556 та далолатнома ёзуви қайд этилди.
[gallery-32723]
Шу жумладан, Кегейли тумани давлат хизматлари маркази 75 минг нафардан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Аммо, “Жалпақ жап”, “Кўкўзак”, “Эшонқалъа”, “Қумшунғил” овул, “Қуёшли”, “Бахтли”, “Гужум терак” ҳамда “Халқобод” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисига 30-40 километр масофада жойлашган туман марказига бориш қийинчилик туғдирарди.
Ушбу ҳудудларда яшовчи аҳолининг аҳолининг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш мақсадида ўтган октябрь ойида Кегейли тумани давлат хизматлар марказининг Халқобод филиали янги биноси фойдаланишга топширилди. Бундан кўзланган асосий мақсад, фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланиш учун марказга боришига кетадиган вақт ва харажатларини қисқартириш, уларга янада яқин ва шаффоф тарзда хизмат кўрсатишни таъминлашдан иборат. Янги бинонинг фойдаланишга топширилиши натижасида ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолига давлат хизматларини янада тезкор, қулай ва сифатли кўрсатиш учун замонавий шароит яратилди.
Жумладан, ташриф буюрувчилар инфокиоск орқали электрон талон олади, кутиш залида мониторлар орқали навбати келган фуқарога қайси мутахассисга мурожаат қилиши айтиб турилади. Замонавий кўринишга эга янги бинода фуқаролар давлат хизматлари билан бирга, Адлия бўлими, банк, ФҲДЁ органлари хизматларидан ҳам фойдаланиш имконига эга. Тадбиркорлар учун қулайлик яратиш мақсадида филиалда “Рақамли марказ” ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 декабрдаги “2026 — 2028 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида барпо этилган мазкур объектнинг умумий лойиҳа қиймати 3,101 миллиард сўмни ташкил этиб, шундан 2,5 миллиард сўм Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармаси маблағи ҳисобидан, 601 миллион сўм эса маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ажратилган. “Taj turaq jay invest stroy” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган қурилиш ишлари 2026 йил май ойида бошланиб, октябрь ойида тўлиқ якунланди. Маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан янги объект компьютер техникаси, оргтехника ҳамда мебель жиҳозлари билан таъминланган.
— Янги бинонинг фойдаланишга топширилиши халқимиз учун ажойиб совға бўлди. Чунки илгари чекка ҳудуд аҳолиси туман марказига бориши учун кўп вақти кетар эди. Эндиликда яқин атрофдаги замонавий бинода жойлашган филиал хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Бунинг учун Президентимизга миннатдорлик билдирамиз, — дейди “Халқобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Гулчеҳра Жуманазарова.
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар янги бинода аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди ва ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА