Болани уриш билан тарбиялаб бўлмайди
Баъзи пайтлар ижтимоий тармоқларда ўз ўқувчисини урган ўқитувчилар ҳақида хабарлар чиқиб қолади. Албатта, ўқитувчи ўз ўқувчисига бекордан бекорга қўл кўтармайди. Бунга кўпинча боланинг шўхлиги, гап қайтариши ёки уйга берилган вазифани бажармаслиги сабаб бўлади. Аммо нима бўлгандаям болани уриш тўғри эмас.
Шунда нима учун деган савол туғилади? Чунки таълим-тарбиянинг мақсади, инсонийлик жиҳатдан ҳам бу нарсага йўл қўйиб бўлмайди. Бундан ташқари, юртимизда бу борада бир қатор фармон, қарор ва қонунлар қабул қилинган. Буларга мисол тариқасида Президентимизнинг “2026 – 2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида” фармони ҳамда “Бола ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш, зўравонлик хавфи даражасини баҳолаш, ҳимоя қилиш режасини ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарори қабул қилинган. Бундан ташқари, “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонун ҳам бор. Албатта, бу фармон, қарор ва қонунлар бизга амалий дастур ва қўлланма вазифасини ўтайди, мисоли йўлчи юлдуздек йўл кўрсатади.

Мени бир нарса ажаблантиради. Ижтимоий тармоқларда берилган хабарларга ёзилган шарҳларда айримлар урган ўқитувчига хайрихоҳлик билдиришади, уни оқлаб чиқишади. Улар “бизни ҳам вақтида ўқитувчиларимиз уришган. Мана бугун ёмон одам бўлиб етишмадик. Етарли обрў, эътиборга эгамиз” дейишади. Аммо шуни яхши билишимиз керакки, болалар шўхлик қилганларида кўпинча, қилаётган ишларининг оқибатини ўйлаб кўришмайди. Бошқача айтганда, шўхлик ақлдан устунлик қилади. Хўш унда қандай йўл тутмоқлик керак? Менимча, бу вақтда жаҳлга эрк бермасдан, уларга қилган ишларининг хато эканлигини мисол ва далиллар билан тушунтириб бериш керак бўлади.
Таниқли ёзувчи Садриддин Айнийнинг “Эски мактаб” асарида ўтмишдаги болаларга таълим бериш жараёнлари жуда ёрқин ва таъсирли тарзда кўрсатиб берилган. Ўқувчилик пайтларим дарсликка киритилган ушбу қиссадаги жазолашга оид лавҳаларни ўқиб, болаларнинг азобланишларига чидолмасдан, кўзларимга ёш қуйилиб келганини билмай қолардим.

Мактабни қишлоқда битирган бир танишимнинг айтишича, бундан 40 йиллар олдин, ёмғир ёққан кунларнинг бирида ўз синфдошлари билан биргаликда туфлиларига илашган лойларни оёқларини сермаганча, ким ўзар қилишиб, синф деворига отишган. Оқибатда оқ девор қора лойга қорилган. Бундан хабар топган ўқитувчилар уларни мактаб идорасига олиб боришиб, калтаклашган. “Ўшанда бизни калтаклашмасдан бу ишнинг хато, ёмонлигини яхшилаб тушунтиришганда ҳам етарли бўларди. Ҳозир ҳам ўша калтакларни эсласам, вужудимда оғриқ туради, аммо қилмишимизни ўйлаб, уялиб кетаман, – дейди у.
Ҳа, баъзан болалар шўхликлари оқибатида номақбул ишларга қўл уришади, лекин оқибатлари ҳақида ўйлаб кўришмайди. Бундай ҳолларнинг юз бермаслиги учун мактабларда тарбиявий соатлар ва тушунтириш ишларининг ҳам кўпроқ бўлиши талаб этилади. Менимча, шунда айрим кўнгилсиз воқеалар, жумладан, оз бўлсада учраб турадиган уриб жазолашларнинг олди олинармиди?!

Болани уриш, қалтис ҳаракат оқибатида баъзан мутлоқо кутилмаган, фожиали ҳолатлар ҳам юз бериши мумкин. Бу ҳолда бола оғир жароҳат олиши ёки бир умрга ногирон бўлиб қолиши мумкин. Чунки бола мисоли ёш ниҳолга ўхшайди. Уни парваришлайман деб унга тузалмас жароҳат етказиб қўйиш ҳеч гап эмас.
Болани урса, яхши одам бўлади деб ўйловчилар шуни яхши билишлари керакки, ҳеч қачон ёмон ишларнинг оқибати яхшилик билан тугамайди. Халқимиз томонидан айтилган “Нима эксанг, шуни ўрасан”, “Неки ёмонлик қилсанг, қирк йилда бўлса ҳам ўзинга қайтади” деган сўзлар бежиз айтилмаган, ахир.

“Ҳали бу ёш бола, тезда унутиб юборади” деганлар эса қаттиқ янглишадилар. Бола хотирасидан яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам асло ўчмайди, бир умрга сақланиб қолади.
Фейсбук иштирокчиларидан бири ёзишича, тенгдошининг отаси ичиб келганида, боласини кўпинча аёвсиз калтаклар, кейин кийимларини ечиб олиб, кўчага ҳайдар экан. Ўша бола ўсиб, катта бўлгач, отасини ҳам бир неча бор шу кўйга солибди. Бундай воқеаларга шахсан ўзим ҳам гувоҳ бўлганман. Бир йигит отаси вафот этгач, ўз укасини кўпинча бўлар-бўлмасга ураверарди. Аммо бу дунё қайтар дунё экан. Ука улғайгач, акасини бир неча бор ўласи қилиб, калтаклаганидан хабарим бор.

Ахир биз 21-асрда яшамоқдамиз. Юртимиз мустақиликка эришганига ҳам 35 йил бўлди. Энди тарбия ҳам шунга яраша бўлиши керак, бўлаяпти ҳам. Қачонгача айрим ота-оналар, айрим ўқитувчилар болаларни уриш орқали тарбиялаш мумкин деб ўйлашади. Энди бу ҳолатга бутунлай чек қўйиш вақти келди. “Яхши гап билан илон инидан чиқади” деган ҳикмат ҳам бежиз айтилмаган. Уриш, калтаклаш болани тарбияламайди, аксинча уни аламзада ва қайсар қилиб қўяди.
Демак, фақат меҳр бериш, шахсий ибрат кўрсатиш, китобга жалб этиш, тўғри сўзликка, ватанни севиш, ота-она ва устозларни ҳурмат қилишга ўргатиш, йўл қўйган хатоларининг оқибатларини тушунтириш орқалигина боланинг кўнглига йўл топиш, уни оқибатли инсон қилиб тарбиялаш мумкин. Буни биз улуғ аллома ва шоирларимиз Ибн Сино, Беруний, Алишер Навоий, Бобур, Нодира, Увайсий ва бошқа донишманд бобо-момоларимиз томонидан ёзилиб, бизларга қолдириб кетган гап-сўз – ҳикматлари, беқиёс меросларидан ҳам билсак бўлади.
Туроб НИЁЗ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
ЎзА