Давлат ва жамоат арбобига эҳтиром кўрсатилди
Нукус шаҳридаги “Оққуш” мажмуасида атоқли давлат ва жамоат арбоби Қаллибек Камаловнинг бир асрлик юбилейига бағишланган “Уч авлод” учрашуви ва илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, халқимиз учун бугунгидек турмуш шароитини таъминлаш борасида кўплаб инсонлар фидокорона хизмат қилиб, ўз ҳаётини бағишлаган. Шундай инсонлардан бири сифатида Қаллибек Камаловнинг фидокорона хизматини кўп миллатли халқимиз чуқур англайди ва юксак қадрлайди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Атоқли давлат ва жамоат арбоби Қаллибек Камаловнинг 100 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, бу бўйича махсус дастур ишлаб чиқилди. Дастур доирасида “Уч авлод” учрашуви ҳам ўтказилди.

Тадбир давомида Қ.Камаловнинг юртимиз тараққиётига қўшган ҳиссаси, фидокорона хизматлари кенг эътироф этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Т.Худойбергенов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев иштирок этди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.