Халқаро ҳамширалар куни кенг нишонланди
12 май — Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан Сардоба туманидаги “Хонзода” тантаналар саройида байрам тадбири юқори савияда ташкил этилди. Унда туман ҳокими Зиёдулла Каримов, соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари, тажрибали ҳамширалар, тиббиёт фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тадбир аввалида инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, беморларга малҳам бўлишдек шарафли ва ўта масъулиятли касб эгаларининг жамиятдаги ўрни ва нуфузи алоҳида таъкидланди. Ҳамширалар ўзининг меҳр-муруввати, сабр-тоқати ва касбига садоқати билан халқ эътирофига сазовор бўлиб келаётгани қайд этилди.

Туман ҳокими Зиёдулла Каримов ўз нутқида соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритаётган барча ҳамшираларни касб байрами билан самимий қутлаб, уларнинг инсон ҳаётини асраш йўлидаги машаққатли ва шарафли меҳнатини юксак баҳолади. Шунингдек, бугунги кунда тиббиёт соҳасини ривожлантириш, тиббиёт ходимлари учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифалардан бири эканлиги алоҳида таъкидланди.

Байрам тадбири давомида узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилиб келаётган, ўз касбига садоқат билан хизмат қилаётган бир гуруҳ ҳамширалар ва тиббиёт ходимларига фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.


Тадбир куй-қўшиқлар, мусиқий чиқишлар ва самимий табрикларга уланиб, иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди, байрамона муҳитга алоҳида файз бағишлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири