Замонавий медиа ва миллий тафаккур уйғунлиги
Шу кунларда (12–15 май) қадимий Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази, Ёшлар ишлари агентлиги, Журналистлар уюшмаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган Медиа ҳафталикнинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтмоқда. Ушбу йирик медиа лойиҳа мамлакатимизда замонавий журналистика, рақамли коммуникация ва сифатли контент яратиш маданиятини янада ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Кўҳна ва боқий Бухоро азалдан илм-маърифат, тафаккур ва маданият маркази сифатида дунёга танилган. Бугун эса шаҳар нафақат бой тарихий мероси, балки уни замонавий медиа тили орқали кенг аудиторияга етказишга интилувчи ижодкорлари билан ҳам алоҳида эътибор қозонмоқда. Медиа ҳафталик айнан шу тарих ва замонавийлик уйғунлигини намоён этаётган муҳим майдонга айланмоқда.
Ҳафталик доирасида журналистлар, ахборот хизмати ходимлари, блогерлар, мобилографлар ва ёш контент яратувчилар учун турли йўналишларда маҳорат дарслари ва амалий тренинглар ташкил этилмоқда. Хусусан, стратегик коммуникация, медиа этикаси ва қонунчилик, фактчекинг ва ахборотни верификация қилиш, сунъий интеллектдан контент тайёрлашда фойдаланиш, SMM стратегиялари, визуал сторителлинг, мобилография, монтаж ҳамда ижтимоий тармоқ алгоритмлари билан ишлаш бўйича амалий билимлар берилмоқда.
[gallery-29373]
Тренинглар соҳанинг малакали экспертлари ва амалиётчи мутахассислари томонидан интерактив форматда олиб борилаётгани иштирокчилар учун алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу жараёнда қатнашчилар нафақат назарий билим, балки замонавий медиа муҳитида самарали фаолият юритиш учун зарур бўлган амалий кўникмаларни ҳам ўзлаштирмоқда. Натижада улар ахборотни тезкор, аниқ ва таъсирчан шаклда аудиторияга етказиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
–Бугун ахборот майдонидаги кескин ўзгаришлар журналистлардан янада катта масъулият ва сергакликни талаб қилмоқда, –дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими раиси Гулшода Иброҳимова. –Бугун журналист фақат хабар етказувчи эмас, балки жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатувчи муҳим шахс сифатида майдонга чиқмоқда. “Media ҳафталик” каби амалий лойиҳалар айнан шу эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда ташкил этилмоқда. Бу ташаббус бухоролик журналистлар, блогерлар ва матбуот котиблари учун ўзига хос билим ва тажриба муҳитини яратди. Бухоро журналистикасида сўзга эҳтиром, фикрга масъулият анъанаси азалдан шаклланган. Бугун эса ушбу анъаналар рақамли журналистика билан уйғунлашиб, янги имкониятларни очмоқда. Бу каби медиа лойиҳалар журналистларнинг фактчекинг, рақамли журналистика ва ахборот хавфсизлиги бўйича кўникмаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Энг муҳими, Медиа ҳафталик турли авлод вакилларини бирлаштириб, жонли мулоқот ва тажриба алмашиш муҳитини яратмоқда.
–Бугунги ахборот муҳитида ишончли ва холис контентнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда, –дейди “Истиқлол” телерадиокомпанияси муҳаррири Зилола Худойқулова. –Бугун нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда деярли ҳар бир инсон қўлида интернет орқали исталган вақт ва исталган жойда ахборот олиш имконини берувчи мобил телефон бор. Аммо, афсуски, ушбу ахборотларнинг барчаси ҳам текширилган ва ишончли эмас. Шу билан бирга, жамият учун фойдали ва мамлакатимиз нуфузини ижобий тарғиб қилаётган блогерлар ҳам кўпаймоқда. Ҳар биримиз — журналист бўламизми ёки блогер — жамият ва давлат олдидаги масъулиятимизни чуқур ҳис этишимиз керак.
Медиа ҳафталик Бухорода нафақат билим алмашиш, балки янги ғоялар шаклланадиган, ижодий ҳамкорликлар мустаҳкамланадиган ва медиа соҳасида янги ташаббуслар туғиладиган муҳим платформага айланмоқда. Ушбу ташаббус орқали ҳудудда ахборот билан ишлаш маданиятини янги босқичга олиб чиқиш, рақобатбардош ва замон талабларига жавоб берадиган контент яратувчилар авлодини шакллантириш мақсад қилинган.
Шу тариқа, кўҳна шаҳар Медиа ҳафталик карвонини муносиб қарши олар экан, ўзининг бой маънавий мероси, интеллектуал салоҳияти ва замонавий медиага очиқ ёндашувини яна бир бор намоён этмоқда. Бу эса юртимизда миллий журналистика ва рақамли коммуникация соҳасини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари