Давлат тиббий суғуртаси: Ўзбекистон бўйлаб тўлиқ қамров якунланди
Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида муҳим ўзгаришлар давом этмоқда. Давлат тиббий суғуртаси тизими кенгайиб, аҳоли учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бу нимани англатади?
Жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб Наманган ва Жиззах вилоятларида ҳам давлат тиббий суғуртаси тизими ишга тушди. Шу тариқа, тизим республиканинг барча ҳудудларини қамраб олди. Эслатиб ўтамиз, давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 11 сентябрдаги қарори асосида бошланган эди. Дастлаб Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида жорий этилган ушбу тизим 2026 йил охирига қадар республикамизнинг барча тиббиёт муассасаларида татбиқ этилиши белгиланган.
- Мамлакатимизда давлат тиббий суғурта механизмлари билан барча ҳудудни қамраб олдик, - дейди Давлат тиббий суғурта жамғармасининг Тиббий хизматлар сифатини мониторинг қилиш бўлимининг етакчи мутахассиси Руҳулла Маҳмудов. - Ушбу тизим орқали биз аҳолига тиббий хизматларни янада яқинроқ қилишга ҳаракат қилмоқдамиз. Шу билан бирга, барча кафолатланган пакетдаги хизматларни бепул ва сифатли қилишга интиляпмиз. Президентимизнинг 311-сон қарори билан ҳудудларда тиббиёт ташкилотлари изчиллик билан 1 октябрдан бошлаб ушбу тизимда хизмат кўрсатади.
Бу - кенг кўламли ислоҳотлар ва босқичма-босқич амалга оширилган машаққатли меҳнат самарасидир. Тизим дастлаб Сирдарё вилоятида синовдан ўтказилиб, ижобий натижалар бергач, босқичма-босқич бошқа ҳудудларга кенгайтирилди. Тиббиётдаги ушбу муҳим ўзгаришлар аҳоли учун тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирди, уларнинг сифатини оширди. Хусусан, электрон йўлланмалар ва рақамли механизмлар жорий қилинди, дори воситалари билан таъминлашда шаффоф тизим яратилди, тиббий ёрдамни молиялаштиришда ягона ёндашув татбиқ этилди.
Умуман олганда, давлат тиббий суғуртаси тизими аҳоли учун тиббий ёрдамни янада қулай, сифатли ва оммабоп қилиш йўлидаги қатъий қадам бўлди.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА