Давлат ишончига хиёнат
Давлат хизмати — халқ ишончини оқлаш, қонун устуворлигини таъминлаш ва адолатни қарор топтиришга хизмат қиладиган энг масъулиятли соҳалардан бири. Айниқса, Мажбурий ижро бюроси давлат ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш, суд қарорларининг сўзсиз ижро этилишини таъминлашдек муҳим вазифани бажаради. Бироқ ана шундай юксак ишонч билдирилган айрим мансабдорларнинг қонунни четлаб ўтиши нафақат давлат манфаатига, балки юзлаб инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқига ҳам жиддий зарар етказади.
Бухоро вилояти Қоракўл туманида кўрилган навбатдаги жиноят иши ҳам айнан шундай ҳолатлардан бири сифатида жамоатчилик эътиборини тортмоқда. Суд ҳужжатларига кўра, Мажбурий ижро бюроси Қоракўл тумани бўлимининг собиқ давлат ижрочиси Н.Б. хизмат ваколатидан фойдаланиб, фуқаролар ва ташкилотлардан ундирилган маблағларни давлат ҳисоб рақамига ўтказиш ўрнига, уларни ўз манфаати йўлида сарфлаб келган.
Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани судида кўриб чиқилган иш материалларига кўра, айбланувчи солиқ қарздорлиги, алимент, банк кредитлари, давлат божи, ижро йиғими ҳамда бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлардан нақд маблағларни қабул қилган. У расмий ҳужжатларда пуллар МИБнинг депозит ҳисоб рақамига киритилгани ҳақида далолатномаларни расмийлаштирган бўлса-да, амалда ушбу маблағларни давлат хазинасига ўтказмаган. Натижада пуллар давлат ҳисоб рақамига эмас, унинг шахсий манфаатларига хизмат қилган.
Энг ҳайратланарлиси, жиноят ишида бундай қонунбузилишнинг 76 та алоҳида эпизоди қайд этилган. Бу эса гап тасодифий ёки бир марта содир этилган хатолик ҳақида эмас, балки маълум вақт давомида такрорланиб келган ноқонуний ҳаракатлар ҳақида бораётганини англатади.
Иш материалларида келтирилишича, энг йирик ўзлаштирилган маблағлар орасида фермер хўжалигининг солиқ қарзи учун қабул қилинган 18,4 миллион сўм, алимент тўловлари бўйича 17 миллион ва 14 миллион сўм, банк кредитлари ҳамда бошқа қарздорликлар бўйича 11 миллион, 9,5 миллион, 9 миллион, 7,87 миллион, 7,45 миллион, 7,12 миллион ва 6 миллион сўмлик маблағлар мавжуд. Шунингдек, 500 минг сўмдан бошлаб бир неча миллион сўмгача бўлган ўнлаб маблағлар ҳам давлат ҳисоб рақамига етказилмаган.
Жабрланувчилар рўйхати ҳам жуда кенг. Улар орасида оддий фуқаролар, алимент ундирувчилар, фермер хўжаликлари, банк муассасалари, солиқ органлари ҳамда коммунал ташкилотлар бор. Демак, битта мансабдорнинг ноқонуний ҳаракати бир вақтнинг ўзида давлат манфаатига ҳам, тадбиркорлик субъектларига ҳам, энг муҳими, ўз ҳақини кутаётган оддий инсонларга ҳам салбий таъсир кўрсатган.
Суд барча далилларни ҳар томонлама ўрганиб, Н.Б.ни айбдор деб топди. Ҳукмга мувофиқ, унга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, у муайян муддат давлат органларида моддий жавобгарлик ва мансаб ваколати билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилди.
Бу иш яна бир муҳим ҳақиқатни исботлади: давлат хизматида ишонч энг катта бойлик ҳисобланади. Қонун ижросини таъминлаши лозим бўлган шахснинг ўзи қонунни бузса, бу нафақат молиявий зарар, балки давлат идораларига бўлган ишончга ҳам жиддий путур етказади.
Сўнгги йилларда коррупция ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга қарши кураш кескин кучайтирилгани бундай ишларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Илгари яширин қолиши мумкин бўлган жиноятлар бугун аниқланмоқда, айбдорлар эса қонун олдида жавоб бермоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири