Транспорт соҳасида "Миллий саноат занжири" кўргазмаси ўтказилади
Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги "Sof Expo" кўргазма марказида Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги, Транспорт вазирлиги ҳамда транспорт соҳасининг йирик давлат буюртмачилари ва тармоқ корхоналари ҳамкорлигида транспорт соҳасига бағишланган "Миллий саноат занжири" кўргазмаси бўлиб ўтади.
Маълумки, "Миллий саноат занжири" кўргазмалари йирик давлат ва корпоратив буюртмачиларининг эҳтиёжлари асосида маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини шакллантиришга хизмат қилувчи доимий платформа ҳисобланади.
Мазкур платформанинг амалий натижалари жорий йил май ойида Оҳангаронда ўтказилган Тоғ-кон ва металлургия соҳасига бағишланган илк кўргазмада ҳам ўз аксини топди. Унда 2,7 триллион сўмлик қўшимча келишув ва шартномаларга эришилди, қарийб 1 миллиард долларлик маҳсулотларни маҳаллийлаштириш бўйича истиқболли лойиҳалар шакллантирилди.
Навбатдаги кўргазма транспорт соҳасига бағишланган бўлиб, унда йирик давлат буюртмачиларининг мавжуд ва истиқболдаги харид эҳтиёжлари тақдим этилади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар эса ўз маҳсулотлари, бутловчи қисмлари, технологик ечимлари ҳамда импорт ўрнини босувчи ишланмаларини намойиш этиш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, тадбир доирасида давлат харидлари, маҳаллийлаштириш, саноат кооперацияси, логистика ва инвестициялар йўналишлари бўйича амалий учрашувлар ҳамда B2B вa B2G мулоқотлар ташкил этилади.
Г.Бобоева,
ЎзА