Энергетика тизимида устувор вазифалар белгилаб берилди
Энергетика вазирлигида ёқилғи-энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш, дебитор ва кредитор қарздорликларни қисқартириш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Бош прокуратура, тегишли вазирлик ва идоралар, энергетика тизими ташкилотлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда мамлакатда электр ва газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш, мавжуд инфратузилманинг ишончли ишлаши ҳамда истеъмолчиларни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Қайд этилганидек, жорий ёз мавсумида электр энергиясига бўлган талабнинг ўсиши кутилмоқда. Шу муносабат билан электр тармоқлари ва подстанцияларнинг ишончли фаолиятини таъминлаш, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш, таъмирлаш ишларини сифатли ташкил этиш ҳамда тезкор бригадаларнинг доимий шайлигини таъминлаш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Хусусан, Тошкент шаҳрида кузатилган авариявий узилишлар юзасидан махсус комиссия фаолият бошлагани маълум қилинди. Комиссия авариялар келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар, ускуналарнинг техник ҳолати, реконструкция ишларининг сифати ҳамда аварияга қарши ҳимоя тизимлари самарадорлигини ўрганиб, тегишли хулосалар тақдим этади.
Йиғилишда аҳоли мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш, колл-марказлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва авариявий ҳолатлар ҳақида аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, энергия самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар танқидий таҳлил қилиниб, электр энергияси ва табиий газдан оқилона фойдаланиш, энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш, эскирган ускуналарни босқичма-босқич янгилаш ҳамда белгиланган тежамкорлик кўрсаткичларига эришиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилишда дебитор ва кредитор қарздорликларни қисқартириш ишларининг бориши ҳам кўриб чиқилди. Бу борада қабул қилинган қарорлар ижросини таъминламаётган раҳбарлар қатъий огоҳлантирилиб, қарздорликларни камайтириш юзасидан таъсирчан чораларни амалга ошириш топширилди.
Коррупцияга қарши курашиш масаласи йиғилишнинг энг муҳим мавзуларидан бири бўлди. Таъкидланганидек, соҳада коррупцияга нисбатан мутлақо муросасиз муҳит шакллантирилади. Коррупция билан боғлиқ жиноят учун судланган барча ходимлар тизимдан четлаштирилади. Шунингдек, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидаги тизим корхоналари раҳбарларини тўлиқ аттестациядан ўтказиш бўйича топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, соҳада коррупциявий хавф-хатарларни мунтазам таҳлил қилиш ва уларнинг олдини олишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқувчи махсус Кенгаш ташкил этилиши маълум қилинди.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ҳам муҳокаманинг асосий йўналишларидан бири бўлди. Электр ва газ инфратузилмасини ўз вақтида таъмирлаш, авариявий захираларни шакллантириш ҳамда аҳолини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Йиғилиш якунида барча тизим раҳбарларининг шахсий масъулиятига алоҳида урғу берилди. Қайд этилганидек, келгуси йиғилишларда, энг аввало, берилган топшириқларнинг ижроси, эришилган амалий натижалар ва ҳар бир раҳбарнинг шахсий жавобгарлиги танқидий баҳоланади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА