Халқнинг бир мақсад йўлида ҳамфикр бўлиши мамлакат тараққиётининг муҳим шарти ҳисобланади
Мустақилликнинг 35 йиллиги
Мамлакатимизда эътиқод эркинлигини кафолатлаш, давлатнинг дунёвий табиатини сақлаш ва диннинг сиёсийлашувига йўл қўймаслик тамойилига алоҳида эътибор қаратилади. Айнан шу мувозанат бугун Ўзбекистон модели деб аталадиган ёндашувнинг ўзагини ташкил этади. Унинг аҳамияти эса фақатгина маънавий эмас, балки мамлакатимиздаги барқарорликнинг муҳим кафолатларидан биридир.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида кўплаб мамлакатлар тажрибасида икки йўл кўзга ташланарди. Динни жамият ҳаётидан сиқиб чиқаришга уриниш ёки уни давлат мафкураси даражасига кўтариш. Ҳар иккала йўл ҳам охир-оқибат ижтимоий таранглигининг кучайишига олиб келиши тарихда кўп бор синалган. Ўзбекистон танлаган йўлнинг тўғрилигини эса босиб ўтилган ўттиз беш йил тасдиқламоқда.
Шу ўринда сиёсий қарор амалда ишлаши учун институт керак эди. 1992 йилда дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ташкил этилди.
Қўмита вазирлик мақомидаги идора сифатида диний ташкилотлар, диний таълим муассасалари, илмий марказлар, мамлакатимизда фаолият юритаётган конфессиялар, зиёрат туризми ҳамда Ҳаж ва Умра билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштиради.
Бугун республикамизда 2 160 та масжид, 14 та диний таълим муассасаси, шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд номидаги илмий-тадқиқот марказлари фаолият юритмоқда.
Ўтган йили Бухоро вилоятида "Баҳоуддин Нақшбанд" халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди ва Имом Термизийнинг 1200 йиллиги нишонланди, жорий йилда эса Ҳаким ат-Термизий юбилейини ўтказиш режалаштирилган. Республиканинг 30 дан зиёд ҳудудида йўлга қўйилган "Қуръон тажвиди" курсларида 90 мингга яқин юртдошимиз илм олди.
Мустақиллик йилларида жами 601 минг 800 нафардан ортиқ юртдошимиз Ҳаж ва Умра зиёратини адо этди. Шундан 404 минг нафарга яқини сўнгги тўққиз йилга тўғри келади. Бир замонлар бутун бир халқ орасидан саноқли кишиларгагина насиб этган, кўплар учун умр бўйи қалбида орзу бўлиб қолган сафар бугун минглаб оилалар учун амалга ошадиган ниятга айланди. Бу шунчаки статистика эмас, давлат сиёсати йўналишининг энг аниқ ўлчовидир.
Узоқ муддат қаровсиз қолган, айримлари харобага айланган муқаддас қадамжолар давлат ҳимоясига олиниб, зиёрат туризми инфратузилмасининг таркибий қисмига айланмоқда.
Самарқанддаги 63 гектар майдонни эгаллаган Имом Бухорий мажмуаси ва ундаги инновацион музей, қурилаётган Имом Мотуридий мажмуаси, Бухорода таъсис этилиши режалаштирилган Баҳоуддин Нақшбанд музейи — буларнинг барчаси буюк алломаларимиз илмий мероси билан ишлашнинг бутунлай янги даражасидир.
Бугун мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари тинч-тотув яшайди. Этник ўзига хосликни ривожлантириш мақсадида 157 та миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти фаолият юритади. 2023 йилда "Диний бағрикенглик" кўкрак нишонининг таъсис этилишининг ўзи ҳам бу йўналишдаги меҳнатнинг давлат даражасида эътироф этилганини билдиради.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига қўйилган "Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!" деган бош ғоя ҳам айнан шу ҳақиқатни ифодалайди. Ўзбекистоннинг кўп миллатли ва кўп конфессияли, айни пайтда тинч ва барқарор давлат сифатида дунёда эътироф этилаётгани бежиз эмас. Аслида тараққиётимизнинг муҳим таянчидан бири — турли миллат ва дин вакиллари ягона мақсад йўлида бирлаша олади.
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган ташаббус асосида 2018 йилда "Маърифат ва диний бағрикенглик" махсус резолюцияси қабул қилинди. Унинг мақсади — бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, турли миллатлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишига йўл қўймаслик.
Сир эмас, дунёнинг турли минтақаларида миллатлараро ва динлараро кескинлик кучаймоқда, дин ниқоби остидаги ташвиқот эса ахборот маконига кўчди. Айниқса, онлайн радикаллашув, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган ёлғон хабарлар ва манипуляция воситалари ёш авлод ва хотин-қизлар дунёқарашига салбий таъсир ўтказмоқда.
Шундай шароитда мафкуравий иммунитетни шакллантириш маърифий вазифадангина иборат бўлмай, бевосита хавфсизлик масаласига айланади.
Президентнинг 2019 йил 4 сентябрдаги тегишли қарорига мувофиқ республика, вилоят, туман ва маҳалла даражасида шакллантирилган тарғибот гуруҳлари динларнинг асл инсонпарварлик моҳиятини аҳолининг кенг қатламига етказиш билан шуғулланади. Шу асосида сўнгги уч йилда 600 мингдан зиёд хотин-қиз иштирокида манзилли тадбирлар ўтказилди. Исломшунослик, диншунослик ва психология соҳаси мутахассислари иштирокида 200 дан ортиқ медиа лойиҳа тайёрланди ҳамда илғор тажрибалар ўрганилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда.
Мустақиллик йўлидан дадил борар эканмиз, глобаллашув жараёнлари олдимизга янги вазифаларни қўймоқда. Унинг дастлабки ва энг кучли таъсири иқтисодиётда эмас, аввало маданият, тафаккур ва инсоннинг дунёқарашида намоён бўлади.
Матлуба ҚАҲҲОРОВА,
Ўзбекистон Республикаси
Дин ишлари бўйича қўмитаси ўринбосари.
ЎзА