“Дарс” фильмининг премьераси бўлиб ўтди
Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида Президент Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази, «Ma’no Cinema» студияси ҳамкорлигида “Дарс” фильмининг тақдимоти ўтказилди.
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб суратга олинган ушбу картина янги Ўзбекистонда ўқитувчилар нуфузини ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб этиш, ёшлар орасида китобхонлик, маърифат ва ўқиш маданиятини тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятли.

Бу жиҳатлар фильмнинг бош қаҳрамони Ойқиз образи орқали очиб берилгани диққатга сазовор. Картинада Ойқизнинг орзулари, ҳаётидаги синовлар ва изланишлари давомида шошқалоқ ва хаёлпараст қиздан мустақил фикрлайдиган, масъулиятли ва етук шахсга айланиш жараёни акс эттирилади.
Ҳанифа хола образи орқали ўқитувчининг инсон камолотидаги беқиёс ўрни, устоз-шогирд анъаналари ва таълим-тарбиянинг аҳамияти акс эттирилади. Китобхонлик эса қаҳрамонларнинг маънавий юксалиши ва дунёқараши ўзгаришининг муҳим омили сифатида талқин қилинади. Фильм инсонийлик, меҳр-оқибат, миллий қадриятлар, устоз-шогирд муносабатлари ва маънавий камолот ғояларини тараннум этади.

Самимий руҳда яратилган “Дарс” фильми томошабинга ўзбекона руҳ ва ҳаётий воқеалар орқали тақдим этилади.

Фильм сценарий муаллифлари – Мадина Йўлдошева, Шоҳрух Неъматов. Саҳналаштирувчи режиссёр – Отабек Йўлдошев. Саҳналаштирувчи оператор – Давлат Ўрозалиев. Саҳналаштирувчи рассом – Темур Нурмуҳаммедов. Монтаж устаси – Нурилло Анваров.

Фильмда асосий ролларни Мавлуда Ҳикматова, Малика Иброҳимова, Лола Элтоева, Толиб Мўминов, Аббос Баҳодиров, Санжар Намозов, Умид Узоқов, Шоҳрух Ҳамдамов, Жайрона Ҳасанова, Меҳри Иймонбердиева, Рухшона Абдуллаева, Улуғбек Юнусов, Исоқтой Жуманов, Моҳичеҳра Исломова, Асила Ҳасанова, Умида Сатторова, Отабек Ҳақбердиев, Билолиддин Тойиров, Жамшидбек Олимбоев ва бошқалар ижро этган.
Н.Усмонова,
ЎзА