Маърифий мулоқот сабоғи
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан “Авлодлар учрашуви” доирасида Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги 6-мактабда шу масканда таҳсил олган суд фахрийси, “Шуҳрат” медали соҳиби Митанбой Равшанов билан ўқувчилар учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқотда Митанбой Равшановнинг Самарқанд ва Жиззах вилоятидаги сафдошлари, 20 дан ортиқ суд-ҳуқуқ фахрийлари, шогирдлари, судьялар иштирок этди.
Тадбир ўқувчиларда жуда катта таассурот қолдирди. Гап шундаки, кўп йиллик меҳнат фаолиятини қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга бағишлаган, ҳалол-пок ишлаб, элу-юртнинг ҳурматига сазовор бўлган ҳуқуқшуноснинг ибратли ҳаёт йўли билан танишган ўқувчиларда келажакка интилиш, аъло баҳоларга ўқишга бўлган ҳавас ошди.

Бундан 65-70 йиллар олдин ўқувчи сифатида таълим, таҳсил кўрган қадрдон мактабига учрашувга келган суд фахрийси ташрифи, аввало устозларга эҳтиром, ўзи илм олган маърифат ўчоғига садоқат ҳамда авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқликнинг ифодаси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Шубҳасиз, инсон ҳаётида илк билим ва тарбия берган мактабнинг ўрни беқиёс экани, келгуси ютуқлар пойдевори айнан шу масканда қўйилиши мазкур учрашувга алоҳида мазмун бағишлади.
Саида Темирова,
Она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси