Дарахтга зарар етказган фуқаро 10 млн сўмдан ортиқ жаримага тортилди
Хоразм вилоятида экологияга зарар етказиш билан боғлиқ навбатдаги ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди.
Вилоят прокуратураси ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасининг “Эко-полицияси” томонидан ўтказилган назорат-рейд тадбирлари давомида Урганч туманининг Бешайвон маҳалласида фуқаро томонидан дарахтга рухсатсиз равишда шикаст етказилгани маълум бўлди.
Аниқланишича, фуқаро Ш.Б томонидан амалга оширилган мазкур хатти-ҳаракат амалдаги қонунчилик талабларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси 1-қисмига асосан унга нисбатан 10 миллион 300 минг сўм миқдорида жарима қўлланилди.
Шунингдек, табиатга етказилган зарар миқдори ҳисоб-китоб қилиниб, 6 миллион 579 минг сўмни ташкил этгани аниқланди ва ушбу маблағни ундириш белгиланди.
Яшил ҳудудларни муҳофаза қилиш, дарахт ва буталарни асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг бурчи ҳисобланади. Бу каби назорат тадбирлари эса табиатга бефарқ муносабатнинг олдини олишга хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири