Партия фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида “Партия ишларини ташкил этишда замонавий ёндашувлар ва ёш кадрларнинг ўрни” мавзусида амалий ўқув-семинар ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Халқ демократик партияси тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, партия фаолияти самарадорлигини ошириш, электорат билан ишлашнинг замонавий механизмларини жорий этиш, рақамлаштириш жараёнлари ҳамда ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
[gallery-30051]
Таъкидланганидек, партия вилоят кенгаши фаолиятига замонавий бошқарув ёндашувларини татбиқ этиш натижасида тизимда ёшлар улуши ортиб, ходимларнинг ўртача ёши 43 ёшдан 36 ёшгача камайган. Шунингдек, сўнгги икки йилда партия аъзолари сони қарийб икки баробарга кўпайган.
Семинарда депутатлик корпуси фаолиятини кучайтириш, жамоатчилик назорати механизмларини такомиллаштириш, электрон ҳужжат айланиши тизимини жорий этиш ва бошқарув жараёнларини рақамлаштириш бўйича таклифлар билдирилди.
Тадбир доирасида партиянинг ягона мобиль иловаси концепцияси тақдим этилди. Шунингдек, “Ғоядан қонунгача” экотизимини яратиш ҳамда партиянинг 35 йиллиги муносабати билан “35 нафар ёш янги лидерлар” дастурини амалга ошириш ташаббуслари илгари сурилди.
Семинар иштирокчилари Марғилон ва Қўқон шаҳарлари ҳамда Бешариқ туманида партия кенгашлари фаолияти билан танишиб, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича илғор тажрибаларни ўргандилар.
Икки кунлик амалий ўқув-семинар якунида партия фаолияти самарадорлигини ошириш, ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш ва рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА