Далани уйдан туриб суғориш: Оҳангаронда қишлоқ хўжалиги рақамлашмоқда
Оҳангарон туманида қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш, аҳоли ва бозор талабидан келиб чиқиб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш мақсадида, кузги тўқсонбости экинларини экиш ишларига киришилди.
Жорий йил куз мавсумида туманда жами 1100 гектар майдонга тўқсонбости экинларини экиш режалаштирилган. Айни пайтда фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида ер майдонларини экишга тайёрлаш, уруғликларни жойлаштириш ҳамда агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, «Мадина Оҳанг Агро» МЧҲЖда тўқсонбости экинларини экиш жараёни қизғин паллага кирган. Корхонада айни пайтда 35 гектар майдонга Хитой технологияси асосида саримсоқ пиёз экиш ишлари амалга оширилмоқда.

Эътиборли жиҳати, мазкур технологиядан фойдаланиш орқали ер майдонидан олинадиган ҳосилдорликни 2 баробардан ортиқроққа ошириш кўзда тутилмоқда. Оддий усулда саримсоқ пиёз етиштирилганда гектаридан ўртача 12 тоннагача ҳосил олинган бўлса, Хитой технологияси асосида ташкил этилган майдонларда бу кўрсаткични 30 тоннагача етказиш имконияти мавжуд.

Корхонада экинларни парваришлаш жараёнида замонавий агротехнологиялар билан бир қаторда сув ресурсларидан тежамкор ва оқилона фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, саримсоқ пиёз етиштирилаётган майдонларда томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилган.
Яна бир муҳим жиҳат — мазкур суғориш тизими тўлиқ рақамлаштирилган. Майдонларда махсус Wi-Фи зоналари ташкил этилган бўлиб, "ақлли" суғориш жараёни интернет орқали масофадан бошқарилади. Бу эса агроном ёки масъул ходимга майдонда бевосита бўлмаган ҳолда ҳам суғориш тизимини назорат қилиш ва бошқариш имконини беради. Яъни, масъул шахс уйида ёки бошқа ҳудудда бўлган тақдирда ҳам тизим орқали майдонларни суғориш жараёнини масофадан бошқариши мумкин.

Бундай ёндашув, аввало, сувдан самарали фойдаланиш, экинларни белгиланган меъёрда ва ўз вақтида суғориш, меҳнат ресурсларини тежаш ҳамда ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади.
Умуман, туманда тўқсонбости экинларини жойлаштириш бўйича белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши ер ресурсларидан йил давомида унумли фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш ва фермер хўжаликлари даромадини ошириш учун қўшимча имконият яратади. «Мадина Оҳанг Агро» МЧҲЖдаги Хитой технологияси ва рақамлаштирилган суғориш тизими эса замонавий агротехнологияларни амалиётга жорий этишнинг амалий намунасидир.