ОТБ делегацияси Ўзбекистон фармацевтика соҳасидаги ислоҳотлар билан танишди
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) делегацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида ОТБ делегациясига Ўзбекистонда фармацевтика экотизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, истиқболли лойиҳалар ҳамда Агентлик фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, фармацевтика маҳсулотлари сифатини ошириш, соҳанинг илмий ва таълим инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тақдим этилди.
Мулоқотда Ўзбекистоннинг PIC/Sга аъзо бўлиш жараёнига алоҳида эътибор қаратилди. Тайёргарлик ишлари, инспекция тизимини халқаро талабларга мувофиқ такомиллаштириш ҳамда мазкур йўналишдаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
ОТБ делегацияси вакиллари Ўзбекистон фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий баҳолаб, истиқболли қўшма ташаббусларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирди.
Учрашув якунида томонлар фармацевтика соҳасида ҳамкорлик ва тажриба алмашинувини кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақавий фармацевтика маркази сифатидаги салоҳиятини янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА