Ҳар бир бола – алоҳида эътиборда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жамият тараққиёти, аввало, ҳар бир инсон учун тенг имкониятлар яратилиши билан белгиланади. Айниқса, имконияти чекланган ва алоҳида таълимга муҳтож болаларнинг билим олиши, қобилиятини намоён этиши учун шароит яратиш, уларнинг жамиятга мослашувини таъминлаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан. Бу борада давлат муассасалари билан бир қаторда нодавлат сектор томонидан ҳам муҳим ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Жумладан, Жиззах шаҳрида жойлашган “Logo City Aba” коррекцион марказида алоҳида ёрдамга муҳтож болаларнинг нутқий ҳамда руҳий ривожланишидаги нуқсонларни бартараф этишга қаратилган машғулотлар йўлга қўйилган.
Бу ерда 28 нафар тажрибали педагог ва логопеддан иборат жамоа 50 нафардан ортиқ боланинг ҳар бири билан индивидуал хусусиятларини инобатга олган ҳолда, махсус ривожлантирувчи дастурлар асосида иш олиб бормоқда.
[gallery-31350]
– Алоҳида ёрдамга муҳтож болалар билан ишлашда тизимли ёндашув жуда муҳим, - дейди марказ раҳбари Моҳира Юнусова. – 3 йил давомида болаларни мактабгача ва мактаб таълимига тайёрлаш, уларнинг тенгдошлари қаторига қўшилишига кўмаклашишга асосий эътибор қаратмоқдамиз. Шу кунга қадар юздан ортиқ боланинг соғлом тенгдошлари қаторида мактабга боришини таъминлашга эришдик.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, коррекцион-педагогик машғулотларни ўз вақтида ва изчил олиб бориш болаларда диққатни жамлаш, мулоқот кўникмаларини шакллантириш ҳамда атроф-муҳитга бўлган реакцияни яхшилашда ижобий натижа беради.
Бу каби амалий чора-тадбирлар болаларнинг келажакда жамиятда ўз ўрнини топиши ва мустақил ҳаётга мослашувида муҳим аҳамият касб этади.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА