Cув таъминоти соҳасида аҳолини қандай муаммолар қийнамоқда?
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлисида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятининг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш, аҳоли билан учрашувлар ва сайёр қабуллар ташкил қилиш, мурожаатларда кўтарилган масала ва муаммоларни ҳал этиш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Мажлисда 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Президент Виртуал ва Халқ қабулхонасига “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти фаолиятига оид 7,8 мингдан ортиқ мурожаат тушгани қайд этилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга камайган. Ушбу мурожаатларнинг 4 минг 911 таси ижобий ҳал этилган.
Мурожаатларнинг асосий қисми ичимлик суви тармоқларидаги авария ҳолатлари, сув таъминотидаги узилишлар ва босим пастлиги масалаларига оид бўлиб, ушбу йўналишда 2 минг 408 мурожаат қайд этилган. Ичимлик суви учун тўловлар, қарздорлик ва қайта ҳисоблаш масалалари юзасидан 1 минг 788, марказлашган ичимлик суви тармоғига уланиш бўйича эса 1 минг 67 мурожаат келиб тушган.
Шу билан бирга, жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 40 та такрорий мурожаат келиб тушган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36 фоизга ошган. Ҳудудлар кесимида энг кўп такрорий мурожаатлар Сурхондарё вилояти (136 та), Тошкент шаҳри (126 та), Тошкент (93 та), Фарғона (86 та), Қашқадарё (81 та) вилоятлари аҳолисидан келиб тушган.

Муҳокамалар давомида сенаторлар томонидан такрорий ва жамоавий мурожаатларнинг мавжудлиги жамият тизимида мурожаатлар билан ишлашда айрим камчиликлар сақланиб қолаётганини кўрсатаётгани таъкидланди.
Хусусан, маҳаллий даражада ҳал этилиши мумкин бўлган масалаларнинг ўз вақтида кўриб чиқилмаётгани, қўшимча вақт, маблағ ва бошқа ресурслар талаб этиладиган муаммолар юзасидан аҳоли билан манзилли мулоқот ва тушунтириш ишлари етарли даражада олиб борилмаётгани такрорий ҳамда жамоавий мурожаатлар кўпайишига сабаб бўлган.

Шунингдек, айрим ҳудудларда мурожаатларни кўриб чиқиш сифати, ижрони назорат қилиш ҳамда муаммоларни жойида бартараф этиш бўйича камчиликлар мавжудлигига эътибор қаратилди.
Мажлис якунида мурожаатларни кўриб чиқишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш, муаммоларни жойида ҳал қилиш, такрорий мурожаатларнинг олдини олиш ҳамда аҳоли билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича масъулларга тегишли тавсиялар берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА